Бугунги кунда 17 давлатда тезюрар поездлар ишлатилади. Бу поездларнинг у ёки бу давлатда пайдо бўлиши бу давлатнинг иқтисодий ривожланганлигининг даражасини кўрсатади. Қувончлиси, Ўзбекистон ҳам шу давлатлар қаторига киради. Бугунги кунда Ўзбекистонда "Afrosiyob" тезюрар йўловчи поездларидан фойдаланилмоқда.

2011 йилдан бошлаб бу электропоездлар шинамлик ва қулайлик билан йўловчиларни манзилларига элтиб қўймоқда. Улар Ўзбекистоннинг ҳақиқатда фахри ва ишончли транспорт воситаларидан бири ҳисобланади. 

Бугунги кунгача техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар "O‘zbekiston" локомотив депосидаги цехда ўтказилиб келинарди. 2016 йил февралда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси буйруғи билан “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси ҳудудида “Afrosiyob” тезюрар электропоездларига техник хизмат кўрсатиш маркази қурилиши бошланганди.

Фото:railway.uz

Янги объектнинг майдони 10909,0 кв. метрни ташкил қилади. Шу кунларда марказ очилиши бўлиб ўтди.

Марказни қуриш давомида зарур замонавий қурилмалар, жумладан, рельсости токар станоги, локомотив аравачаларини ажратиб олувчи қурилма, кондиционер ва ғилдирак жуфтлигини ечиш қурилмаси, ғилдиракларни ечиш ва шунтлаш механизми ўрнатилган. 

Марказ биносида иккита 10 тонналик ва техник бино ичида иккита 15 тонналик юк крани ўрнатилган. Бундан ташқари, марказнинг асосий биносида икки қаватли маъмурий корпус жойлашган. Шу ернинг ўзида поездларнинг ҳаракатланиши онлайн-мониторинги амалга оширилади.