Туркманистон Вазирлар маҳкамаси йиғилишида Россия президенти Владимир Путиннинг Ашхободга 2 октябрь куни мўлжалланган расмий ташрифига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Туркманистоннинг «Довлет хабарлари» (ТДҲ) давлат агентлиги хабар бермоқда.

Олий даражадаги музокаралар якунида катта тўпламдаги икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши режалаштирилган.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов келгусидаги музокараларнинг аҳамиятини таъкидлаб, улар «икки мамлакатнинг дўст халқлари фаровонлиги манфаатига жавоб берувчи анъанавий давлатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлида самарали қадамга айланишга ҳамда анъанавий алоқаларга янги аниқ мазмун беришга қаратилгани»ни билдирди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Туркманистон ва Россияни тарихий, чин дўстона муносабатлар бирлаштириб туради.

«Мамлакатларимиз умуминсоний тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий дунё чақириқлари ҳамда таҳдидларига қарши курашиш каби муҳим глобал масалалар бўйича позициялар яқин ёки ўхшашлигини намойиш этмоқда», - дея давлат раҳбарининг сўзлари келтирилади хабарда.

Шунингдек, савдо-иқтисодий соҳада самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари шунингдек, Россия Федерациясининг энг йирик субъектлари билан шерикликнинг динамик хусусиятини қайд этди, бунга турли тадбирларнинг мунтазам ўтказиб борилиши туртки бермоқда.

Мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йилнинг апрель ойида ўрнатилган. Ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олувчи 100 дан ортиқ ҳукуматлараро битимлар имзоланган. Асосий ҳужжат - 2002 йил 23 апрелдаги Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномадир.