Барселона мэри Ада Колау Каталониядаги референдум иштирокчиларига қарши полиция томонидан қўлланган зўравонликлардан кейин Испания бош вазири Мариано Рахой ўз лавозимини тарк этиши керак деб ҳисобламоқда.

"Полициячиларнинг тинч аҳолига қарши зўравонликлари тўхтатилиши керак. Бугун Каталонияда ва бутун мамлакатда биз шуни сўрашимиз керак. Рахой истеъфога чиқсин", - дея мэрнинг сўзларини келтирган The Guardian.

Каталонияда маҳаллий вақт билан соат 9:00 да (Тошкент вақти билан 12:00 да) ҳудуд мустақиллиги масаласидаги референдумда овоз бериш бошланди. Овоз бериш участкалари олдида оломон тўпланган. Испания полицияси участкаларнинг ярмидан кўпини ёпиб қўйди, бироқ аксарият ҳолатларда овоз беришни ташкил этишга муваффақ бўлинди.

Бундан аввалроқ, испан полицияси референдум иштирокчиларини ҳайдаш учун шовқинли гранаталар ҳамда резина ўқлардан фойдаланаётгани айтилганди. 

Фото: Reuters

1 октябрь куни Каталонияда мустақиллик референдуми бўлиб ўтмоқда,  аммо бу референдум Испания Конституциявий суди томонидан ноқонуний деб эълон қилинди. Референдум иштирокчиларидан ушбу саволга жавоб бериш сўралмоқда: "Сиз Каталония республика бошқарувидаги мустақил давлат бўлишини истайсизми?"

Каталония ҳукуматининг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Рауль Ромеванинг айтишича, агар референдумда қатнашганларнинг ярмидан кўпи "ҳа" жавобини берса, Каталония ҳукумати 48 соат ичида мустақиллик эълон қилади.

Каталонияда Испания қироллиги аҳолисининг 16 фоиз қисми истиқомат қилади. Испания экспортининг 25,6 фоизлик улуши Каталония ҳиссасига тўғри келади. Испания ЯИМнинг 19 фоизи айнан шу мухторият томонидан таъминланади. Хорижий инвестицияларнинг 20,7 фоизи Каталонияга йўналтирилади. Каталония қарзи ЯИМда 35,3 фоизлик улушга эга.