АҚШнинг Калифорния штатидаги катта магистрал йўл ёқасида президент Дональд Трампнинг импичментини талаб этувчи ижтимоий баннер пайдо бўлди. Президент истеъфосини талаб этишга тарғиб этувчи баннер Окленддан Сан-Францискога кетиш йўлида ўрнатилган.

Фото: © Twitter/CBS News

CBS News хабарига кўра, ушбу ташаббус муаллифи «Жасорат кампанияси» ташкилоти бўлиб, улар бу улкан ижтимоий баннер ҳозирча президент истеъфоси ҳақида сўз очишни истамай турган Конгресс аъзоларига босим ўтказишидан умид қилишмоқда.

«​Бундан аввалги президентлар ҳам қўл урмаган, раҳбар этикасига хос бўлмаган номақбул ҳаракатлари билан Дональд Трамп АҚШ тарихидаги энг ёмон давлат етакчиси бўлиб қолади»​, дейди ташкилот директори Эдди Куртз.

Айни кунларда эса президент ҳаракатларини пародия санъати орқали танқид қилиб келаётган актёр Алек Болдуин яна Saturday Night Live дастурига қайтгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

Фото: © Twitter/The Hill‏

Эслатиб ўтамиз, у жорий йилнинг сентябрь ойида айнан АҚШ президенти Дональд Трамп пародиясини яратгани учун «Эмми» мукофотига лойиқ деб топилганди.