Каталония полицияси Испания Олий судининг Мустақиллик референдуми ўтказилаётган сайлов участкаларини ёпиш тўғрисидаги қарорига бўйсунмади.

El Pais нашри хабарида айтилишича, Каталония ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари буйруқни бажаришдан бош тортгач, уларнинг ўрнига бу ишни Мадриддан Каталонияга юборилган Фуқаролик гвардияси ва миллий полиция ходимлари бажармоқда.

Уларга 1,5 мингта сайлов участкасини ёпиш буюрилган, бу сайлов участкалари қаторида Каталония раҳбари Карлес Пучдемон овоз бериши кутилган сайлов участкаси ҳам бор эди.

Маҳаллий нашрларда ёзилишича, кўплаб сайлов участкаларида интернет ўчириб қўйилган. Испан полицияси ходимлари эшикларни бузиб кириб, сайлов бюллетенлари ташланадиган урналарни олиб кетишмоқда, бинолар атрофи ўраб олиниб, сайловчилар сайлов участкаларига киришига йўл қўйилмаяпти. Томонлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлмоқда.

Мустақиллик референдумида овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 09:00да бошланди. Каталония ҳукумати провинция аҳолисини референдумга чиқишга чақирди ва полициянинг ҳаракатларига тинч йўл билан тўсқинлик қилишни сўради.

Сайлов участкалари кечқурун соат 20:00га қадар очиқ бўлади.