Каталония ҳукумати ҳар бир сайловчи мустақиллик референдумида иштирок этиши мумкинлигини маълум қилди. El Pais хабарида сайловчилар учун барча сайлов участкалари очиб қўйилган, шунингдек, масофадан туриб референдумда иштирок этиш мумкин.

Аввалроқ Испания ҳукумати Каталониядаги 2315 та сайлов участкасидан 1300 дан зиёди полиция томонидан ёпилгани ҳақида ҳисобот берган эди. Кейинроқ референдум ташкилотчилари 163та мактабни эгаллаб олиб, уларнинг ёпилишига қаршилик кўрсатишга қарор қилди ва тунни мактабларда ўтказди.

Референдум маҳаллий вақт билан 9:00 да (Тошкент вақти билан соат 12:00да) бошланди. Сайлов участкалари соат 20:00гача очиқ бўлади.

30 сентябрь куни Испания ҳукумати ҳеч қандай овоз бериш бўлмаслиги, референдум «давлат томонидан бекор қилингани»ни маълум қилганди.