Ўзбекистон чемпионатининг 23-туридан ўрин олган «Навбаҳор» – «Пахтакор» баҳсидан сўнг  мезбонлар устози Илҳом Мўминжонов ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Бугунги ғалаба билан барчани табриклайман. Ғалабани мухлисларга бағишлаймиз. Биринчи даврада кетма-кет дуранглар бўлди. Ўшанда бизни ёлғизлатиб қўйишмаганликлари учун раҳмат. Бундан кейин ҳам бу каби ғалабаларга эришиб зафар қучишга ҳаракат қиламиз.

Мен Наманган келганимдан бери ҳалол ўйин намойиш этмоқдамиз. Биринчи бўлимда қўлимиздан келган ишни қилдик. Ёрдамчи мураббий олдинги баҳсни яхшилаб таҳлил қилди ва ўз кўрсатмаларини айтди. Бугунги ғалабада унинг хизматлари катта бўлди. Учрашувни тўлиқ бир хил темпда якунлаш борасида тайёргарлик олиб бордик. Чунки олдинги беллашувларда 65-дақиқадан сўнг ўйинни ташлаб юбораётгандик.

Ноябрда ҳамма футболчиларнинг шартномаси якунланади. Қолган турлардан сўнг футболчилар билан янги шартномалар борасида музокаралар олиб борамиз», - дея Мўминжоновнинг сўзларини келтиради Sports.uz.