Россия президенти бўлишдан анча аввал Владимир Путин 16 йил СССР давлат хавфсизлик қўмитасида фаолият юритган. Business Insider унинг хизмат давридан асосий фактларни келтириб ўтди. 

Совуқ уруш аллақачон тугаб бўлган, бироқ Россия разведкаси ҳақидаги янгиликлар ҳануз Америка ОАВнинг биринчи саҳифаларидан жой олиб келади. 

Россия Демократик партия қўмитасининг электрон почтасини бузиб киришда ва амалдаги президент Дональд Трампнинг сайловларда ғолиб бўлишига йўналтирилган бошқа акцияларда айбланади. ОАВ шунингдек Россияни ижтимоий тармоқлардаги қатор сиёсий гуруҳлар ва реклама кампаниялар ортида турганликда гумон қилади, махсус прокурор Роберт Мюллер эса Москва билан алоқадорлик бўйича Трамп кампаниясининг собиқ бошқарувчиси Пол Манафорт фаолиятини ўрганмоқда. 

Россия президенти Владимир Путин АҚШ билан киберурушдаги иштирокини инкор этмоқда. Бошқа томондан, France Press агентлигида таъкидланишича, у бир неча маротаба Россиянинг ноёб разведкаси билан фахрланишини айтган - унинг карьераси Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ - КГБ)да бошлангани инобатга олинса, бунинг ажабланарли жойи йўқ.

Путин ўсмирлик йилларида "Қилич ва қалқон" романи ва унинг асосида суратга олинган фильмни жуда яхши кўрган. Бу миллатчиларни енгишга ёрдам берган дадил совет разведкачисининг тарихи. Кейинроқ Путин "бир разведкачининг ўзи минглаб одамларнинг тақдирини белгилаб бериши мумкинлиги"дан ҳайратга тушганини айтган. 

 "Қилич ва қалқон" фильмидан кадр (1986)

Путин Санкт-Петербург давлат университетининг юридик факультетида таҳсил олган. Унинг диплом иши халқаро ҳуқуқ ва савдо-сотиққа бағишланган бўлган. 

Санкт-Петербург давлат университети

У дастлаб юридик тажриба орттирмоқчи бўлган, бироқ 1975 йилда, ОТМни тугаллагач, тақсимотга кўра ДХҚга ишлашга юборилган.

Замонавий ФХХнинг Лубянка номи билан машҳур штаб-квартираси

Яхши янгиликдан хабар топган Путин буни нишонлаш мақсадида дўсти билан грузин ресторанига борган ва сациви - ёнғоқ соусли қовурилган товуқ гўштини паққос туширган. 

Стивен Ли Майерснинг "Янги қирол" китобига ишонадиган бўлсак, карьерасининг бошида Путинга осон бўлмаган - ишчи кунлар ДХҚнинг қариб бораётган ходимларига тўла тунд идорада ўтарди. Ёш мутахассис қоғозларни тинимсиз бир жойдан бошқа жойга олишига тўғри келарди, бу вақт орасида у ота-онаси билан яшашда давом этган, унинг ҳатто алоҳида хонаси бўлмаган. 

1975 йилда у бўлажак офицерлар разведка тактикаси ва сўровлар усулларини ўрганувчи Охтадаги оператив таркибда (401-мактабда) тайёрлов курсларини тугаллади, шу билан бирга жисмоний машқлар билан шуғулланган. 1976 йилда у катта лейтенант унвонига эга бўлди. 

Кейинроқ Путин яна бир тайёрлов курсини ўтаган. 1984 йилда уни бир йилга ўқиш учун Москвага, ҳозирги Ташқи разведка академиясига жўнатишди. Путин маъмуриятининг собиқ раҳбари ва унинг синфдоши Сергей Ивановнинг The Telegraph'га берган интервьюсига кўра, эски разведкачиларнинг баъзи дарслари аҳмоқликдан ўзга нарса бўлмаган. 

 Сергей Иванов

1970-йилларда ДХҚ раҳбари Юрий Андропов хизматга чақирганлар сафида Путин ҳам бўлган - у ёш, танқидий ёндашувга эга офицерларни жалб қилиб, идорани модернизациялашга ҳаракат қилган.

Владимир Путин 

Афтидан, ўша вақтлар контрразведка ва чет элликларни назорат қилиш Путиннинг вазифасига кирган. Майерснинг сўзларига кўра, Путин, шунингдек диссидентлар билан шуғулланган ДХҚнинг бешинчи бош бошқармаси билан ҳам ишлаган.  


 
1985 йилда Путин таржимон афсонаси ниқоби остида Германияга, Дрезденга йўлланган. Фиона Хилл ва Клифф Гадди ўзининг "Путин" номли китобида унинг миссияси Германия социалистик бирлиги партияси ва ГДР давлат хавфсизлик вазирлигининг юқори лавозимли амалдорларини ишга ёллашдан иборат бўлганини тахмин қилишади. Бундан ташқари, муаллифларнинг таъкидлашича, технология сирлари ва Ғарбий Берлиндан келган немисларнинг компрометациясини ўғирлаш ҳам Путиннинг вазифасига кирган. Шунингдек у Ғарбий Германиядаги махфий операцияларда ҳам иштирок этгани тахмин қилинади. 

Хилл ва Гаддининг таъкидлашича, юқорида қайд этилганларнинг барчаси "Путин нима билан шуғулланган?" деган саволга энг яқин жавоб бўла олади.

Дрезден, Германия 

Путиннинг айтишича, ДХҚда ишлаб, кекса разведкачилар билан суҳбатлашгач, у СССР курсининг хатосизлигидан шубҳалана бошлаган: "Разведкада ўша пайтлар бошқача фикрлаш, ҳамма ҳам журъат қила олмайдиган сўзларни айтиш имкони бўлган". 

1989 йилда, Берлин девори қулаганидан сўнг ДХҚнинг Дрездендаги биноси ғазабланган оломон томонидан таланган. Путиннинг ёдга олишича, ўша пайтлар оломонни тинчлантириш учун қурол ишлатишга тўғри келган. 

 Берлиннинг қулаши

Россиянинг бўлғуси президенти 1990 йилдагина уйига қайтишга муваффақ бўлган. Кўпчиликнинг фикрига кўра, Совет ҳукумати таназзулга учраган вақт ДХҚдаги фаолият унинг дунёқарашини шакллантирган. 

Путин бу борада шундай дейди: "Иттифоқнинг хасталиги ойдинлашди - бу фалаж номли ҳалокатли, бедаво касаллик эди. Ҳукумат фалажи".

Охир-оқибат, 1991 йилда, август исёни вақтида Путин ДХҚдан кетди. Кейинроқ у Борис Ельцин маъмуриятидаги амалдорлар сафига қўшилди, у президент вазифаси бажарувчиси бўлди ва 2000 йилда биринчи марта Россия президенти этиб сайланди. 

Путиннинг президентлик қасамёди

Суратлар манбаси:businessinsider.com