Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов бугунДубайда Бирлашган Араб Амирликлари Футбол Уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар тарқатди.

Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва БАА футболини янада ривожлантириш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Бирлашган Араб Амирликлари Футбол Уюшмалари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари орасида футболни янада оммалаштириш учун амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар тўғрисида суҳбат олиб боришди.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов ва Абдулла Носир ал-Жунайбий ЎФФ ва БАА Футбол Уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзолашди.

Ушбу меморандум Ўзбекистон ва БАА терма жамоалари ва клубларига турли ёш тоифаларида ўртоқлик ўйинлари ва мусобақалар,ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш ва ўтказиш, икки мамлакат терма жамоаларининг мураббийлари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, футбол, аёллар футболи, футзал,болалар-ўсмирлар футбол мактабларида фаолият олиб борадиган мураббийларни ўқитиш ва малакасини ошириш, мураббийлар, ҳакамлар ва спорт медицинаси ходимларини ўқитиш ва малака ошириш курсларига юбориш каби катта имконият эшикларини очиб беради.

Умид Аҳмаджонов Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашувда БАА Футбол Уюшмасининг халқаро мусобақаларни ташкил қилиш ва ўтказиш тажрибасини ўзлаштириш ҳақида гапирар экан, 2018 ва 2019 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 2019 йилги Осиё Кубоги ташкилий қўмитасига бир гуруҳ ЎФФ мутахассисларини малака ошириш учун юбориш масаласини ҳам алоҳида муҳокама қилди.

“Ўзбекистон Футбол Федерацияси келажакда БАА каби ФИФА ва ОФК турнирларини Ўзбекистонда ўтказишга тайёр бўлиши учун ҳам биз кадрлар тайёрлаш дастури доирасида ушбу масалага жиддий эътибор қаратдик. ЎФФда халқаро тажрибага эга мутахассислар бор, лекин биз ФИФА ва ОФК тадбирларини Ўзбекистонга олиб келмоқчи эканмиз, катта тажрибага эга мутахассисларни тайёрлаш бирламчи вазифага айланади. Шунинг учун ҳам Осиёнинг етакчи федерациялари билан ўзаро тажриба алмашинувига эришиш олдимиздаги катта вазифалардан бири ҳисобланади”, - дея Умид Аҳмаджоновнинг сўзларини келтиради ЎФФ матбуот хизмати.

Таъкидлаш керакки, бу Умид Аҳмаджонов ЎФФга президент этиб сайланганидан бери хорижга амалга оширган иккинчи сафаридир. Бунгача Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашиб, Ўзбекистон ФИФАнинг халқаро мусобақалари ва тадбирларига мезбонлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилган эди.