Куннинг иккинчи ярмига келиб Каталониядаги референдумда давомат 50 фоиздан ошди. Бу ҳақда журналистларга Каталония раҳбари Жорди Туруль маълум қилди.

«Айни вақтда давомат 50 фоизлик чегарадан ўтди», дея маълумот берган у.

Каталонияда 7,5 миллион киши истиқомат қилади, шундан 5,3 миллион киши сайлаш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Каталония ҳукумати референдум учун 2,3 мингта сайлов участкаси тайёрлаганди.

Аммо Испания ҳукумати ушбу референдумни қонуний эмас, деб баҳолади ва полициячиларни сайлов участкаларини ёпиш учун йўллади. Натижада сайлов участкаларнинг мингдан ортиғи шанба куниёқ ёпилганди.

Каталония ҳукумати одамлар сайловга бориши учун барча чораларни кўрмоқда. Аммо сайлов участкалари атрофини полициячилар ўраб олишган. Натижада каталонияликлар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар юзага келди.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 20:00гача (Тошкент вақти билан соат 23:00) очиқ бўлади.

Агар референдум натижасида уни аксар сайловчилар қўллаб-қувватласа, Каталония ўзини мустақил давлат сифатида эълон қилади.