АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий контингенти бу давлатда камида яна 10 йил қолади. Бундай прогнозни АҚШ конгресси сенатининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Боб Коркер билдирди.

"Биз, эҳтимол, Афғонистонда қўшинларимизни кейинги ўн йил аниқ ушлаб турамиз", деб айтган сенатор NBC телекомпаниясига берган интервьюсида

У АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги миссияси мақсадлари ва вазифалари қандай эканлиги аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтди. "Биз кейинги қадамлар қабул қилишда эҳтиёткор бўлишимиз керак", деб айтган сенатор. Коркернинг тушунтиришича, Вашингтон Кобулда ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва уларга Афғонистон тақдири учун кўпроқ жавобгарликни бериш йўлларини излаши керак.

Унинг таъкидлашича, "Афғонистоннинг бутун ялпи ички маҳсулоти ҳам унинг ўз хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашига етмайди".

Сентябрда АҚШ Афғонистонга 3 мингдан кўпроқ ҳарбийни юбориш қарорини қабул қилди. Бу АҚШнинг Афғонистондаги контингенти сони 14 минггача ошишини англатади.

АҚШ Афғонистондаги жорий операцияни 2001 йил кузида бошлаган. 2011 йилда АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари сони 101 минг нафарни ташкил қилган. Бу кампания давомида АҚШнинг 2,3 мингдан кўпроқ ҳарбийси ҳалок бўлган, 17 мингдан кўпроғи яраланган.