БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн Испания ҳукуматини Каталония мустақиллигига доир референдум пайтидаги барча зўравонлик ҳолатларини қунт билан текширишга чақирди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссариятининг матбуот хизмати баёнотида шу ҳақида хабар берилди. 

"Якшанба куни Каталонияда рўй берган зўравонликлардан жуда ташвишдаман. Юзлаб жароҳатланганлар ҳақида хабар берилганидан сўнг мен Испания ҳукуматини барча зўравонлик ҳолатлари бўйича батафсил, мустақил ва холис тергов ўтказишга чақираман. Полициянинг реакцияси доим пропорционал бўлиши керак ва фақат зарурат туғилгандагина қўлланиши лозим", - дея келтиради матбуот хизмати Зайд Ал-Ҳусайннинг сўзларини. 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари шунингдек Мадридни вазиятни баҳолаш учун инсон ҳуқуқлари соҳаси экспертларини қабул қилишга чақирди. 

Мадрид якшанба куни бўлиб ўтган референдумни ноқонуний деб атади, мамлакатнинг Конституцион суди эса унинг ўтказилиш имконини "музлатиб қўйди". Минтақа ҳукумати маълумотларига кўра, овоз бериш жараёнида иштирок этганларнинг 90 фоизи Каталониянинг Испаниядан ажралиши тарафдори бўлган. Баъзи сайлов участкаларида ҳужжатлар олиб қўйилган, полиция билан тўқнашувлар қайд этилган. Каталония соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тўқнашувлар натижасида 893 киши жабрланган. Испания ИИВда тартибсизликлар давомида ҳуқуқ-тартибот органларининг 33 нафари жабрлангани маълум қилинган.