Буюк Британиялик таниқли бизнесмен, миллиардер ва Virgin Group асосчиси Ричард Брэнсон Саудия Арабистонида 50 оролдан иборат сайёҳлик лойиҳасига сармоя киритиш хоҳишини билдирди. Бу ҳақда Бирлашган Араб Амирликларида чоп этиладиган The National журнали ёзмоқда. 

Саудия Арабистони ахборот вазирлигига кўра, Брэнсон ушбу йирик сайёҳлик лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдирган илк хорижий сармоядордир. Унинг умумий узунлиги 200 километрни ташкил этади.

Саудия Арабистони ҳукумати режаларига кўра, бу лойиҳа 35 минг иш ўрни барпо этиш имконини беради ва подшоҳлик иқтисодиётини диверсификация қилишда қўл келади. Қурилиш ишлари 2019 йилда бошланади, унинг илк босқичи 2022 йили якунланади. 

Аввалроқ, Ричард Брэнсоннинг Virgin Group компанияси сайтидаги блогида Саудия Арабистонига сафари ҳақида хабар пайдо бўлганди. У мазкур сафари чоғида ушбу сайёҳлик лойиҳаси билан танишган. 

"Бизни Қизил денгизга олиб боришди, у ерда улкан қумлоқ оролни чиройли сайёҳлик масканига айлантириш лойиҳаси ишга туширилган", — деб ёзган миллиардер. 

Саудия Арабистони август ойида мамлакатда янги сайёҳлик минтақаси ташкил этиш лойиҳаси ҳақида эълон қилди. 

Меросхўр шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ал Сауднинг сўзларига кўра, дам олиш маскани Қизил денгиздаги 50 та табиий оролда барпо этилади.