ИШИД Лас-Вегасда 50 кишининг умрига зомин бўлган, 400дан ортиқ кишининг жароҳат олиши билан якунланган отишмани содир этган шахсни ўз аъзоси деб атади ва ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда  ИШИДнинг тарғибот канали «Амак»ка асосланган ҳолда хавфсизлик хизматларидаги манба хабар берган.

Террорчи ташкилот ушбу ҳужумни содир этган Стивен Пэддок бир неча ой олдин ташкилотга қабул қилингани ҳақида айтган. У «яхши аскар» бўлгани қўшимча қилинган.

«Теракт ИШИДга қарши кураш олиб бораётган давлатларда ҳужумлар содир этишга даъват бўлди», — дейилган террорчилар баёнотида.

1 октябрь оқшомида Лас-Вегасдаги кантри-фестиваль қатнашчиларига қарата ўт очилди. Стивен Пэддок «Мандалай Бэй» меҳмонхонасининг 32-қаватида туриб пастдаги минглаб кишилар устига ўқ ёғдирган. Якунда у ўзини ўлдирган. У яшаган хонадан ўндан ортиқ қурол топилди.

Ушбу ҳужум оқибатида 50 киши ҳалок бўлди, 400дан ортиқ киши жароҳатланди.

Пэддок 28 сентябрь куни «Мандалай Бэй» меҳмонхонасидан келиб чиқиши осиёлик бўлган, ҳозирда Невадада истиқомат қилувчи аёл — 62 ёшли Марилу Дэнли билан бирга хона олган. Улар қандай муносабатда бўлгани маълум қилинмаяпти. Отишмадан бир неча соат ўтиб полиция аёлни қидириб топди. Бундан ташқари, Пэддокка тегишли икки автомобиль ҳам аниқланди.

Полиция ҳозирча ҳодисани теракт деб ҳисобламаяпти.