Англия чемпионатида ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида 7-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Бу турдан кейин ҳам Манчестер жамоалари турнир жадвалида бошқа рақиблардан ажралган ҳолда қўшпешқадамликни давом эттиришмоқда. 7-турда Жозе Моуриньо бошчилигидаги «Манчестер Юнайтед» навбатдаги рақибни осонлик билан янчиб ташлади, «Кристал Пелас»га 4та жавобсиз гол урилди.

Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си эса жиддий синовдан ўтди. Лондонда ўтган мавсум чемпиони «Челси» Кевин де Брюйне қаршисида ожиз қолди. 

Барқарор ўйин кўрсатаётган бу икки жамоа 7 турдан кейин 19тадан очко жамғарган ҳолда биринчи ва иккинчи ўринларда жойлашган. Тўплар нисбати «Манчестер Сити»да биттага яхшироқ.

ЎЗИГА ЎХШАМАГАН «ЧЕЛСИ»

Ҳар икки томоннинг ғалабаси билан якунланиши мумкин бўлган учрашувнинг сўнгги дақиқаларида, ростан ҳам «Манчестер Сити» кучлироқ экани ҳақидаги таассурот барчада пайдо бўлгани табиий. Назаримда, бунинг сабаби, Антонио Конте қайсидир паллада ўз принципларидан воз кечиб, «Сити» билан унинг қуролида курашишга уринганидир.

Қайси палла экани ҳам маълум, ўйиннинг 35-дақиқасида Алваро Мората ўрнига Батшуайи эмас, Виллиан туширилиши ўйиннинг калит нуқтаси бўлди. Таркибда Фабрегас, Азар, Канте, Бакойоко ва Виллиан билан Конте Гвардиола билан тўп назоратини, майдон марказидаги ҳокимликни талашмоқчи бўлди, гўё. Мураббий ўйиндан мақсад кўпроқ гол уриш ва бунинг учун рақибнинг устун жиҳатларини йўққа чиқариш, ўз жамоангнинг эса устунликларига урғу бериш эканини унутгандек эди.

Юқорида санаб ўтилган футболчилар билан исталган рақибга қарши ўйинда марказни қўлга олиш мумкин, лекин «Сити» билан эмас. «Челси» таркибида аниқ паслар бўйича энг яхши кўрсаткич – Сеск Фабрегасда, у АПЛда шу кўрсаткичи билан 24-ўринда бормоқда холос. Ўша жадвалда «Манчестер Сити»нинг биратўла 7 футболчиси Фабрегасдан юқори ўринларни эгаллашган.

Майдонга Батшуайини тушириш орқали, «Челси» ўз услубига содиқ қолиши ва узун-ўрта паслар орқали вазиятлар яратишга ҳаракат қилиши мумкин эди. Тўп назоратига таяниш ва ҳужумларни айнан қисқа паслар орқали бошлашга уриниш «Сити» учун айни муддао (ўтган мавсумда «Арсенал» ҳам шундай қопқонга тушганди) эди, айниқса 2-бўлимнинг ўзида Гвардиола шогирдлари 8 марта рақиб майдонида тўпни олиб қўйишди. 

Ўзига яраша кучли ва ранг-баранг таркибга эга бўлган Антонио Контенинг ҳаддан ташқари эҳтиёткорлиги Англиядаги топ ўйинларда панд беришни бошлади. Бу ўринда «Арсенал»га қарши «Стамфорд»даги ўйинни ҳам эслаш мумкин.

ИНГЛИЗЧА ПАРАДОКСЛАР

«Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради» деган ибора футболда ҳали ҳам эскирмаган. Айниқса, инглиз жамоаларининг уй стадионлари, у ердаги ўзига хос муҳит ва меҳмонлар учун ноқулайлик ҳақида тасаввурлар етарлича. Лекин баъзи жамоаларнинг мавсум бошидаги натижалари тескари хулосага ҳам олиб келмоқда.

«Челси» сафардаги 3 ўйинда юз фоизлик натижага эришган ва 9 очко тўплаган. «Стемфорд Бриж»да эса, Конте шогирдлари 4 ўйиндан атиги биттасида рақибдан устун келди холос – 1 дуранг ва 2 мағлубият.

«Тоттенҳэм»нинг сафардаги кўрсаткичлари янаям ишончли – 4 ўйин, 4 ғалаба, тўплар нисбати – 12-2. Лекин «Уэмбли»да жамоа ҳали ғалаба нималигини билмай келмоқда.

Ўтган мавсумдаги ўйинларда сафарда 16 ўйинни бой берган «Бёрнли»нинг бу мавсумдаги кўрсаткичларига нима дейсиз: Рақиблар «Тоттенҳэм», «Ливерпуль», «Челси» ва «Эвертон» бўлишига қарамасдан, Шон Дайч шогирдлари ҳали мағлубиятга учрамади ва бу ўйинларда 8 очкони қўлга киритди.

«ЮНАЙТЕД»: ХАВФ КИМДАН

Ўтган мавсумда 1тадан ортиқ гол уришда муаммоларга дуч келган «Манчестер Юнайтед»нинг сермаҳсуллиги сезиларли даражада ортгани кўринди. Кўпчилик бу ҳолатнинг Ромелу Лукакунинг келиши билан боғлаётган бўлса-да, ўтган мавсумда Златан Ибраҳимович «МЮ» киритган дастлабки 21 голнинг 9тасига муаллиф бўлганди. Яъни Лукакунинг бугунги голлардаги улуши швециялик ҳужумчиникидан катта эмас.

Эътиборли бошқа жиҳат бор – «Манчестер Юнайтед» таркибида 9 футболчи аллақачон ўз номини таблога ёзишнинг уддасидан чиқиб бўлди. Бу лигада катта фарқ билан энг яхши кўрсаткичдир. Агар голли пас узатган (Матич, Янг, Лингард) футболчиларни ҳам қўшадиган бўлсак, 7 ўйинда 12 футболчи аллақачон гол ёки голли пас муаллифига айланиб бўлди – бу ҳам АПЛ жамоалари ичида бошқалардан икки баробар кўп.

Хулоса қилиш мумкинки, «Юнайтед»нинг ҳужумдаги кучлари ранг-баранг бўлиб бормоқда.   

«ЧЕМБЕРЛЕЙН ЭФФЕКТИ»

Алекс Окслейд-Чемберлейн трансфер даричасининг сўнгги кунида «Арсенал»дан «Ливерпуль»га ўтди. Лондонликлар сафидаги сўнгги ўйини (0:4) йирик ҳисобда якунланиб, Ливерпулга келгач, янги жамоаси илк турда 0:5 ҳисобида ютқазгач, турли ҳазил гап-сўзлар кўпайиб кетганди. Бу ҳаммаси эмас.

Футболчининг ўз жамоасини алмаштирганидан сўнг, унинг янги ва эски жамоаларидаги ўзгаришларга эътибор қаратинг:

«Арсенал» – 6 ғалаба ва 1 дуранг. Тўплар нисбати: 15-3

«Ливерпуль» – 1 ғалаба, 4 дуранг ва 2 мағлубият. Тўплар нисбати:  8-14

ЯНГИ ҚУТҚАРУВЧИ: РИШАРЛИСОН

«Уотфорд» охирги икки турда 4 очко олди. Ва бу очколар ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда урилган голлар эвазига бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу голларнинг муаллифи эса, жамоага шу ёзда келиб қўшилган бразилиялик Ришарлисон.

Ришарлисон Де Андраде 1997 йилнинг 10 майида Нова Венецияда туғилган. «Америка Менейро» клуби тарбияланувчиси 2016 йилда Бразилия футболи пешқадам клубларидан бири «Флуминенсе» сафига бориб қўшилади. Ҳар икки қанотда ҳам фойдали ҳаракат қила оладиган тезкор ҳужумчи янги жамоада ҳам йўқолиб қолмади ва 54 ўйинда 17 гол муаллифига айланди. У шунингдек, Бразилия ёшлар терма жамоасининг ҳам етакчи ўйинчиларидан бири саналади.

Ёзда, «Манчестер Юнайтед»нинг Иван Перишич билан музокаралари боши берк кўчага кириб қолгач, Ришарлисоннинг айнан Манчестер клубига ўтиши яқинлиги ҳақида ёзила бошланганди. Аммо ҳужумчи якунда 12.5 миллион фунт эвазига «Уотфорд» таркибидан жой олди.

Ёш ҳужумчи «Уотфорд»нинг барча ўйинларида асосий таркибда ҳаракат қилмоқда ва аллақачон 3 гол ва бир голли узатмани амалга оширишга улгурди.

ҲАФТА ИҚТИБОСИ

«Ҳимоячиларимизнинг хатоларга йўл қўяётганликлари бизнинг ёмон ҳимояланаётганимизни англатмайди» (Юрген Клопп)

БИРОЗ РАҚАМЛАР:

  • Арсен Венгер мураббий АПЛ да 45-рақиб устидан ғалаба қозонди. Бу рекорд натижадир.
  • «Манчестер Юнайтед» 2017 йилда ўз майдонида атиги 3та гол ўтказиб юборган холос. Барчаси стандарт вазиятда - жарима зарбасидан, бурчак тўпидан ўйинга киритилганда ва пенальтидан. Яъни Моуриньо шогирдлари 2017 йилда ўйиндан уюштирилган ҳужумлардан сўнг, ҳали гол ўтказишмади.
  • Ушбу мавсумда «Челси» футболчилари 90 маротаба қоида бузишди – лигада энг кўп кўрсаткич.
  • «Эвертон» ўз майдонида иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Ўтган мавсумдаги 19 ўйинда Куман шогирдлари 2 марта ютқазганди холос.
  • «Ливерпуль» сўнгги 7 ўйинда 138 маротаба рақиб дарвозасига зарба берди ва 8 гол урди – 6 фоиз. Жамоа дарвозаси томон берилган 50 зарбадан 14таси голга айланди – 28 фоиз.
  • «Эвертон» сўнгги 10 ўйинда атиги 1 маротаба ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олди.
  • «Саутҳэмптон» дарвозасига пенальтини уролмаган ҳужумчи Сейду Бераҳинонинг голсиз серияси 31 соатдан ошиб кетди.
  • «Челси»га қарши ўйинда Кевин Де Брюйне 6 хавфли вазият яратди. Бу «Челси» жамоаси яратган вазиятлардан 2тага кўпроқдир.
  • «Кристал Пэлас» мавсумнинг илк 7 ўйинини бой берди ва «Порсмут» (2009/10) натижасини такрорлади.
  • «Саутҳэмптон» АПЛдаги сўнгги 14 ўйинининг 10тасида рақиб дарвозасини ишғол қила олмади.
  • Ҳарри Кэйн сентябрь ойида барча мусобақаларда 13 гол муаллифи бўлди ва бир ойда энг кўп гол урган Роналду (2010, октябрь) ва Месси (2012, март) натижаларини такрорлади.

АПЛ турнир жадвали 7-турдан кейин

Қ.Асланов тайёрлади