Миллиардерлар оқилона молиявий қарорларни тезкорлик билан қабул қилиб, бойлик тўплашади. Бироқ муайян маблағ йиғилгандан кейин у қадар керак бўлмаган нарсаларга пул сарфлай бошлашади - масалан, ҳашаматли автомобилларга. Microsoft ҳаммуассиси ва дунёнинг энг бадавлат кишиси Билл Гейтс яқинда Porsche 911 суперкарини харид қилди. Virgin асосчиси Ричард Брэнсон сувда ҳаракатланувчи Gibbs Aquada'га эга. Шундай бўлса-да, иқтисод қилиш одатидан воз кечмаган миллиардерлар ҳам бор. CNBC дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидаги беш миллиардерга тегишли камтарона автомобиллар ҳақидаги маълумоти билан бўлишди.

Уоррен Баффетт

Фото: CNBC  

Berkshire Hathaway бош директори ўзининг тежамкорлиги билан машҳур. У нонуштага ҳеч қачон 3,17 доллардан ортиқ пул сарфламайди, ҳали-ҳануз 1958 йилда сотиб олган уйида яшайди.

2014 йилда у Cadillac XTS автомобилини харид қилди. Бу автомобилнинг чакана нархи - 45 минг доллар атрофида ва у Баффетнинг аввалги автомобили 2006 Cadillac DTS'дан бир тоифага юқори.

Бизнес-магнат Forbes'га берган интервьюсида янги автомобиль танлашда шошилмаслигига қуйидагича изоҳ беради: "Мен йилига 5500 километрдан бироз кўпроқ масофа босаман, шунинг учун машинамни ҳадеб ўзгартираверишни маъқул кўрмайман".

Марк Цукерберг

Фото: CNBC  

Facebook асосчисини кўпинча 30 минг долларли қора Acura TSX бошқарувида кўришади. У ўз танловини бу автомобилнинг "хавфсизлиги, қулайлиги ва ҳашаматли эмаслиги" билан изоҳлайди.

Маълум бўлишича, Цукербергнинг худди шу нарх даражасидаги Volkswagen GTI автомобили ҳам бор.

Элис Уолтон

Фото: CNBC  

Wal-Mart меросхўри Элис Уо­л­тон - дунёнинг иккинчи ўриндаги энг бадавлат аёли. У 40 минг долларга баҳоланувчи 2006 Ford F-150 King Ranch автомобилини танлади.

Унинг марҳум отаси, Wal-Mart асосчиси Сэм Уо­л­тон ҳам умрининг охиригача худди шу русумдаги 1979 йилги юк машинасини бошқарган.

Ингвар Кампрад

Фото: CNBC  

IKEA асосчиси Инг­вар Кам­прад кераксиз нарсаларга пул сарфлашни ёқтирмайди: у ҳатто сочини калталатишда ҳам тежашга ҳаракат қилади ва бу мақсадда фақат ривожланаётган мамлакатлардаги сартарошхоналарга киради.

У йигирма йил давомида 1993 Volvo 240 GL автомобилини бошқарган ва яқинда, машина ҳайдаш унинг соғилиғига хавф солишига ишонтиришганидан кейингина бу автомобилдан қутулишга қарор қилди (Кампард 91 ёшда). Автомобиль дастлаб 22 минг доллар атрофида баҳоланган, бугун эса унинг нархи - атиги 2 минг доллар атрофида.

Стив Балмер

Фото: CNBC  

Microsoft компаниясининг собиқ бош директори бутун умри давомида Ford автомобилларини бошқарган, чунки унинг отаси Ford Motor компаниясининг менежери бўлган.

2009 йилда ўша пайтда Ford бош директори бўлган Алан Ма­лал­ли миллионинчи автомобиль шарафига Балмерга Ford Fusion Hybrid калитини шахсан топширган. Машина ички алоқа ва SYNC кўнгилочар тизими билан жиҳозланган бўлган. Автомобилнинг дастлабки чакана нархи тахминан 28 минг доллар атрофида бўлган.