Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ-3301 қарори билан 2017–2019 йилларда Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида кафолатланган иш ўринлари яратиш ва йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди.

Кўрсатиб ўтилган туманларда янги ишлаб чиқариш қувватлари яратиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларини, шунингдек хизмат кўрсатиш ва экотуризм соҳасини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Алоҳида ҳудудларнинг банд бўлмаган аҳолиси ҳунар ва бошқа касбларга ўргатилади, уларнинг малакаси оширилади.

Махсус фонд ташкил этилди

Чора-тадбирлар дастурини молиялаштириш учун Навоий вилоят ҳокимлигида махсус фонд тузилади ва у қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

- «Навоий тоғ-металлургия комбинати» ДКнинг ҳар йили ажратадиган маблағлари ҳисобига;

- халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари) ҳисобига;

- юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари эвазига;

- тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобига.

Имтиёзлар тақдим этилмоқда

2017 йилнинг 1 октябридан 2028 йилнинг 1 октябрига қадар Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари, Нурота туманининг Дуҳибаланд, Сентоб, Темирқовуқ, Қизилча, Ғум ва Чуя аҳоли пунктлари ҳамда Зарафшон шаҳри қуйидагилардан озод қилинади:

- саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида (савдо ва автомобилларга газ қўйиш хизматидан ташқари) янги тузилган тадбиркорлик субъектлари давлат мақсадли фондларига барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлардан;

- чорвачилик ва туялик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари — ягона ижтимоий тўловлардан:

- ушбу ҳудудларда рўйхатга олинган ва фаолият кўрсатаётган хусусий тадбиркорлар — белгилаб қўйилган солиқлардан;

- ушбу ҳудудларда рўйхатга олинган ва фаолият кўрсатаётган юридик шахслар олган дивидендидан фойда (даромад) солиғидан.

Жорий йилнинг 1 октябридан эътиборан Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасалари, «Баркамол авлод» марказлари, мусиқа ва санъат мактабларида болаларни ўқитиш учун ота-оналар томонидан тўланадиган тўлов умумқабул қилинган тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Шу кундан эътиборан санаб ўтилган туманлар ва шаҳарда ишлатилмаётган ва бўш ётган давлат объектлари тадбиркорлик субъектлари янги иш ўрни очиш шарти билан 10 йилгача муддатга «нол» қийматда ижарага берилади.

Чорвачилик мажмуалари ва тикувчилик ишлаб чиқариш корхоналари тузилади

Томди туманидаги чорвачилик мажмуалари 1,5 минг бош туя ва 10 минг бош қўйга мўлжалланади. Бундан ташқари, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ташкиллаштирилади. НКМК 1000 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланишини қамраб олиш мақсадида тикув машиналари харид қилади.

Ҳужжат Қонунчилик миллий базасида расман эълон қилинган ва 2017 йил 30 сентябрдан кучга кирган.

Олег Заманов,

Norma.uz эксперти