Октябрь ойининг дастлабки куни футбол оламида воқеаларга бой бўлди. Tribuna.Uz уларни яна бир марта ёдга олиб ўтди.

Каталония мустақиллиги учун ўтаётган референдумлар футболга бевосита таъсир ўтказди. Референдум билан бир кунга тўғри келган «Лас-Пальмас» билан ўйин Каталония марказидаги тартибсизликлар натижасида қолдириш хавфи остида қолди. Шу мақсадда «Барселона» шошилинч йиғилиш чақирди. Унда ўйинни қолдириш масаласи кўрилди.

Кўп ўтмай учрашув қолдирилгани маълум қилинди. Аммо кейинроқ учрашув барибир ўтказиладиган бўлди. Фақат бунинг учун стадионга мухлислар киритилмади. Даставвал Пике бошчилигидаги ватанпарварлар бўш стадионда ўйнашни исташмаганди, лекин охир-оқибат улар шартга кўнишди ва «Барселона» бўм-бўш стадионда ўйнашига қарамасдан ғалаба қозонди.

Бу орада каталониялик бир қатор футболчилар референдумда иштирок этишди ва мазкур тарихий воқеа ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди. Пике демократияга қаршилик қилаётган Мадрид ва полицияни қоралади ва кўзига ёш олиб каталон эканидан фахрланишини айтди.

Бу орада эса Каталониянинг мустақил бўлиши Испания терма жамоасига ҳам нохуш бўлиши ҳақида хабар тарқалди. Жамоага ҳаттоки ЖЧдан четлатиш хавф солмоқда.

Бу орада Мадридда бошқа муаммолар пайдо бўлди. Сўнгги мавсумни рекорд даромад билан тугатган «Реал»да ҳимоячи Карвахалнинг юрагида муаммо пайдо бўлган бўлса, Бэйл жароҳат олиб сафдан чиқди. Шунга қарамай жамоа Иско ёрдамида Каталониянинг бошқа бир жамоасини мағлубиятга учратди.

Англия Гвардиола ўйин услуби дарсликларга киритилиши муҳокама қилинаётган бир паллада, Ливерпулнинг икки клуби ғалаба қозона олмаётган вақтда, «Арсенал» муҳим уч очколи бўлди. Италияда эса «Ювентус» ниҳоят очко йўқотди.

Сўнгги кунларнинг энг фаол функционерларидан бири Умид Аҳмаджонов бу сафар БАА вице-президенти билан учрашиб ўзаро тажриба алмашиш бўйича меморандум имзолади. Меморандумда ҳакамларнинг лигаларда алмашиб ишлашига ҳам келишиб олинди.

БААлик ҳакамлар ишлаши кутилаётган Олий лиганинг бугунги кундаги ягона учрашувда кутилмаган натижа қайд этилди. «Локо»ни уйида юта олган «Пахтакор» бу сафар «Навбаҳор» уйида мағлубиятга учради.