Туркиянинг Atlasglobal авиакомпанияси йўловчиларга чекловсиз чипталарни таклиф қилди. Авиакомпания сайтида хабар берилишича, бу чипталар бизнес-тоифада ҳеч қандай чекловларсиз парвоз қилиш имконини беради. 

Парвоз чипталари 2017 йилнинг 1 октябридан 2018 йилнинг 30 майига қадар амалда бўлади. Уларнинг нархи Туркия ҳудуди бўйлаб ички рейслар учун - 1 минг доллар атрофида бўлса, қолган барча йўналишлар, жумладан халқаро йўналишлар учун 3,5 минг долларни ташкил қилади. 

Таъкидланишича, парвозларда йўловчи барча солиқлар ва йиғимларни тўлаши керак бўлади, уларнинг ҳажми йўналишга қараб фарқланади. 

Парвоз нархига бизнес-залга бориш, юкнинг оширилган нормаси ва яхшиланган овқатланиш тартиби киради. Авиакомпаниянинг аниқлик киритишича, агар бизнес-тоифа чипталарининг ҳаммаси сотилса, йўловчи иқтисод-тоифада парвоз қилиши мумкин. Йўл чиптаси бўйича харид қилинган чиптани бошқа одамнинг номига ўтказиш мумкин эмас.