Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов ўз вақтида оғир аҳволда қолган жамоага ёрдам бериш мақсадида келишилган ўйинни ютқазиб берганини тан олди.

«Мураббийлик фаолиятимни энди бошлаган пайтларим эди. Ўшанда «Трактор» жамоасини бошқарардим. Охирги турда лигадан тушиб кетши хавфи остидаги жамоа вакиллари келиб менга илтимос билан чиқишган. Агар ютқазиб берсак, улар Олий лигада қолиши мумкин эди.

Биласизми, шундай вазиятлар бўладики, ёрдам сўраб келган одамга шунчаки йўқ деб бўлмайди. Бу ерда пул ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Пул таклиф қилинганида бу илтимосни эшитиб ҳам ўтирмаган бўлардим. Шунингдек, агар бу жамоа чемпионлик учун курашаётган жамоа бўлганида, бу илтимосни эшитмаган ва охирги кучимиз қолгунича курашган бўлардик. Лекин ўша вақтда олдимга келиб илтимос қилган клуб оғир аҳволдаги, лигани тарк этишни истамаётган жамоа эди. Шунда ҳам ўзим қарор чиқармаганман. Унга барча футболчилар ичида бу илтимосни айтишини, фақат улар ҳал қилишини билдирганман. Чунки, мен ҳеч қачон футболчиларга «мана бу ўйинни ютқазиб беришимиз керак экан» деб айта олмасдим. Айтмаганман ҳам.

Бу сўзларни сизга чин дилдан айтаяпман. Вазият шунақа эди. Албатта, ўшанда бошқа бир жамоа лигадан тушиб кетган... Умуман ўша вазиятда сўнгги қарорни футболчилар қабул қилганди. Лекин у ерда ҳеч қандай пул ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди, дея гапириб ўтган Абрамов «Ориат Доно» радиосидаги жонли эфирда.