Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига барча шароитга эга хизмат уйлари топширилаётгани ҳудуд осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Жиззах шаҳридаги Хотира майдонида Жиззах вилояти ИИБ ходимлари иштирокида ўтказилди. Шу ерда ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш учун тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига вилоятдан сайланган сенаторлар, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда профилактика инспекторларига замонавий хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калитлари топширилди.