Янги ўқув йилидан бошлаб, Андижон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф мактаби иш бошлади. Муассаса она тили ва адабиёти фанига ихтисослаштирилган бўлиб, ҳозир у ерда 150 нафар иқтидорли ўқувчилар таълим олмоқда.

Таълим даргоҳи ёнида шоир номидаги кўча ва хиёбон қурилиши амалга оширилмоқда. Ҳозирда қурилиш якунланиб, навбат сўнгги таъмирлаш ишларига келган. Куни кеча хиёбон марказига шоирнинг бюсти ўрнатилди. Замонавий ва миллий архитектура анъаналари асосида бунёд этилаётган хиёбон, аҳоли ҳамда шаҳарга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун ажойиб масканга айланади

Шу йилнинг 25 июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида”ги 539-сонли қарори қабул қилинган эди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон