3 октябрь куни дунёда автомобиль ишлаб чиқарувчи мамлакатлар сони биттага камайди. Япониянинг Toyota компанияси Австралиянинг Мелбурн шаҳри яқинида жойлашган Altona заводидаги конвейерни тўхтатди. Япония маркаси маҳаллий ишлаб чиқаришни тўхтатиб, бу бозорда фақат тайёр автомобилларини сотишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Натижада Австралия енгил автосаноатидан маҳрум бўлди. 

News.com.au хабар қилишича, «Тойота» 54 йил давомида Австралияда ўз автомобилларини йиққан. Унинг илк седани Tiara – 1963 йилда пайдо бўлган. Кейин компания мамлакатда двигателлар йиғувчи заводини ишга туширди. 1995 йилда Altona корхонаси очилди. Сўнгги лаҳзагача ушбу ишлаб чиқариш майдонида Camry седанлари харидорларга етказиб берилди.

Умуман, Toyota Австралияда 3,4 миллион автомобиль ишлаб чиқарган бўлиб, шундан 2 миллиони Altona заводи ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги 10 йилда «Тойота» Австралиянинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва экспортчисига айланди. 

Завод ёпилиши сабабли 25 йиллик иш малакасига эга 2,5 мингга яқин инсон 200 минг Австралия доллари миқдорида бир марталик нафақа ва Toyota автомобилларига умрбод чегирмаларга эга бўлишди. 10 йилдан кам ишлаган ишчилар келаси беш йилда компания машиналарига чегирмалардан фойдаланишлари мумкин. 

Ўтган 2016 йилда Австралияда Американинг Ford компанияси ўз заводини ёпган эди. АҚШ заводи бу ерда 1925 йилдан бери автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганди. Шунингдек, ўтган йили General Motors концерни ҳам Cruze моделини тўхтатганди. Holden Commodore ва Caprice автомобиллари ишлаб чиқариладиган завод октябрь ойи охирида ёпилиши билан қитъа мамлакат автосаноатдан маҳрум бўлган давлатга айланади.