Ўтган жума куни Карло Анчелотти «Бавария» билан хайрлашди. Жамоа етакчиси Матс Ҳуммелсдан бундай тез рўй берган истеъфо унга қанчалик кутилмаган бўлгани ҳақида сўрашганда у «истеъфо тез бўлдими, сизнингча?» деб жавоб берди. Яъни футболчи учун бу воқеа қайсидир маънода кечикиб содир бўлгандек...

«Бавария» хўжайинлари учун бу воқеа тез амалга ошди. Улар Парижга келишаётганида, балки бу ҳақида ўйлашмаган ҳам, балки шунинг учун Анчелоттига ўринбосар топиш масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда.

Карл Хайнц Руминигге Париждаги ўйиндан бир кун олдин майдонга тушадиган асосий таркибни кўриб, кўнгли тўлмаган. Рост экан. «Бавария» муҳим учрашувни йирик ҳисобда бой берди ва Анчелотти энди жамоани бутунлай йўқотди. Мюнхенга қайтилгач, Ули Хёнесс жамоанинг 5 нафар футболчиси мураббийга қарши эканини айтди. Бу гуруҳга Франк Рибери ва Жером Боатенг, шунингдек ўтган йилдан бери Карлонинг қарорларидан норозилигини яширмаётган Томас Мюллерни ҳам киритиш мумкин.

Фото: Bild

2017 йилнинг барча катта ўйинларида Анчелотти Мюллерга, жамоанинг ўзига хос рамзи ва мухлисларнинг ёқимтойи бўлган футболчига асосий таркибдан жой топиб бера олмади. Осиёда ўтган мавсумолди турнесида узоқ вақт Мюллер жамоа сардори бўлиб юрган бўлса-да, иккинчи турга келиб у яна захирада қолдирилди. «Менинг маҳоратим мураббийни қониқтирмаса керак» – деди ҳужумчи очиқчасига.

Мюллернинг ўрнига узоқ вақт жароҳати туфайли майдонга туша олмаган Тьяго Алкантара ўйнади. У Хамес ва Хави Мартинес билан биргаликда, Анчелоттининг «севимли» футболчилари бўлиб қолишди. Умуман италиялик мураббийнинг испанларга муносабати клубдагиларга ёқмади, уларнинг ўзаро йиғилишлари, оилавий борди-келдилари таркибни аниқлашга халақит беришини айта бошлашганди. Жамоавий муҳитнинг бузилишида ҳам бунинг салбий таъсиридан қўрқишди.

«Реал» ва «Боруссия»га қарши ўйинларда Риберининг алмаштириб юборилиши, шунингдек, «Вольфсбург»га қарши чемпионлик ўйинида француз футболчисининг умуман заявкадан четда қолиши Анчелотти душманларини биттага кўпайтиргани табиий. Бу ҳолатнинг жамоатчиликка тарқалиши ҳам куттирмади – «Андерлеҳт»га қарши ўйинда ҳам алмаштирилган Рибери футболкасини захира ўриндиғига қараб отиб юборди.

Фото: Bild

Париждаги ўйинга Рибери 40 нафарга яқин дўстлари ва оила аъзолари учун чипта олганди, улар эса ўз яқинлари 90 дақиқа захира ўриндиғида ўтириб, жаҳл қилишини томоша қилишди.

Сал тепароқда Жером Боатенг ҳам аччиқланиб ўтирарди. Унга асосий таркибда тушмаслигини айтишган, аммо умуман заявкадан четда қолиши жаҳон чемпиони учун кутилмаган бўлганди. Бу ҳолат ўтган мавсум охирида ҳам кузатилган, Германия Кубоги ярим финалида, шу пайтгача «Бавария» ҳимояси етакчиси саналган Боатенг ўрнига Хави Мартинес афзал кўрилганди.

Фото: Reuters

Энди мураббийнинг таркибни танлаш сиёсатига бўлган танқидлар тўхтамайди. Унинг Мадриддаги ўйинда сариқ карточкага «осилиб қолган» Видалнинг ўз вақтида алмаштирмагани ҳам яна бир баҳс мавзуси – худди шундай ҳолатда рақиб устози Зидан Каземирони алмаштирган ва якунда Видалнинг қизил карточкаси ўйин тақдирини ҳал қилганди. Ёки яқинда «Вольфбург»га қарши (2:2) муваффақиятсиз кечган учрашув танаффусидаги ҳолат эсланади: «эътиборлироқ бўлинглар» – мураббийнинг жами тактик кўрсатмалари атиги мана шу сўзга жо бўлган экан.    

Италиялик мураббийнинг кўп ҳолатларда бўшанглик қилгани яна бир фактор билан ҳам изоҳланади -  Анчелоттининг ёрдамчиси ўз ўғли Давиде, фитнес-мураббий эса, «кашанда» лақаби билан танилган Жованни Маур эди. Маури ҳатто ечиниш хоналарида ҳам чекаверган, унинг мутахассислик даражаси ҳақида ҳам афсоналар тўқилган – унинг ҳисоблашича, машғулотлар олдидан 3 дақиқалик чигалёзди машқлари етарли экан.

Фото: Bild

Нойер, Боатенг, Мюллер каби етакчилар машғулотлардаги юкламалар етарли бўлмаётгани ҳақида Руммениггега арз қилишди, бир қатор футболчилар ўз ташаббуслари билан қўшимча машғулотлар ташкил қилганларида мураббий тақиқлади – футболчилар алоҳида бошқа ерларда шуғуллана бошлашди. Арьен Роббеннинг гаплари эса янада аччиқ эди: «Менинг ўғлим шуғулланадиган «Грюнвальдерштадион»да яхшироқ шуғуллантиришади» – деб юборди жаҳл устида нидерландиялик ярим ҳимоячи.

Киммиҳ, Куман каби ёш футболчилар жамоада ўзларини у қадар керакли ҳис қилмадилар, ҳатто ёзда келажаклари борасида клуб раҳбариятига мурожаат қилдилар. Боатенг ҳам жамоани тарк этиш ҳақида ўйлаб қолганди.

Мавсум бошидаги истеъфо кўпчилик учун эрта амалга оширилгандек туюлса-да, бу  аслида кечроқ содир бўлганини ҳам исботлайди. Аслида бир йиллик фаолиятдан кейин Карло Анчелоттига жавоб берилиши керак эди, деган фикрлар ҳозир энг баланд овозларда янграмоқда. Машғулотлар етарлича интенсив эмаслиги ҳақида ўтган йили Филип Лам ва Хаби Алонсо каби ветеранлар ҳам айтишганди. Жамоадаги профессионал муҳит ҳақида гап ҳам йўқ, ҳамма ўз билганича, истаганини қилаверган. Анчелотти атрофида йиғилиб олган бир гуруҳ малакасиз италияликлар четдан қараганда ўз ҳолича яшаб юришар, футболчиларнинг мураббийлар «ёқимтойи» Алкантарага бўлган рашки ҳам, Рибери, Боатенг ёки Мюллернинг нафрати ҳам кундан кунга ошиб борар эди.

Лекин кетма-кет бешинчи чемпионлик клуб раҳбарларининг кўзларини шамғалат қилганди – ахир қандай қилиб 15 очколик фарқ билан мамлакат чемпиони бўлган мураббийни ҳайдаш мумкин? Раҳбарлар Анчелоттининг қайсарлиги яхшилик билан тўхташига, баъзи масалалар аста-секинлик билан ўз ечимини топишига ишониб хато қилган эдилар. Аммо икки марта «Милан»ни, бир марта «Реал»ни Чемпионлар лигаси ғолиблигига етаклаб борган буюк мураббийдан фақат бундеслига чемпионлиги қолди холос. Жамоани тактик қолипларга тушириб ташлаган Пеп Гвардиоладан сўнг, Анчелотти фаолияти бироз эркинроқ, қувноқроқ ва осонроқ кечиши тахмин қилинганди, аммо ҳаммаси акси бўлиб чиқди.

Фото: Bild

Левандовски тўпурарлик баҳсида уни мураббий қувватламагани ҳақида очиқчасига айтаётганда, Рибери футболкасини захира ўриндиғига ирғитаётганда раҳбарият аралашмади, Анчелотти ҳам ожиз қолди – бу мураббийнинг жамоа ичидаги авторитетига путур етказди. Париждаги ўйинда танланган бошланғич таркиб эса, «бомба»ни портлатиб юборишга етарли бўлди. 

Янги мураббий учун энг муҳим вазифа жамоанинг ички муҳитини яхшилаш ва энг аввало, «ҳамма нарса учун биргаликда курашиш» ғоясини қайтадан сингдиришдир. Акс ҳолда, шунчаки норозиларни таркибга қўшиш билан иш битмайди, бу ҳолда бошқа норози футболчилар ҳам пайдо бўлиши табиий. Шу билан биргаликда, клуб раҳбарияти ҳам бу йўлда жамоа билан бирга бўлиши ва мураббийни қўллаб-қувватлашлари керак бўлади.

Kicker материали асосида