2001-2014 йилларда «Челси» сафида тўп сурган, футболчилик фаолиятини шу йили якунлаган англиялик футболчи Фрэнк Лэмпард Лондон жамоасидаги шерикларини эслади.

Ким машғулотларда ҳаммадан кўп меҳнат қиларди?

Энг меҳнаткаш? Жон Террини кўрсатган бўлардим. Мен «Челси»га келганимда, адашмасам Жон 18 ёшда эди, лекин ўшанда ҳам ҳатто, унинг ўз ўйини устида ишлаши ҳайрон қолдирарди. Машғулотларда юз фоиз кучини бериш билан биргаликда, у кейин ҳам базада қолиб, қўшимча шуғулланарди. Менимча, меҳнатсеварлик борасида у ҳаммадан устун эди.

Ким машғулотларда кам ҳаракат қилиб ҳам, ўйинларда ўзини кўрсата оларди?

Рикарду Карвалью. Аввал уни кўпинча врач хонасида массаж олаётган ҳолатда учратиш осон эди. У машғулотлар учун борини беряпти, деб бўлмасди, лекин ўйинда ҳимояда ажойиб ўйин кўрсата оларди.

Машғулотларга ким биринчи бўлиб келарди?

Эшли Коул. У ҳар доим ҳаммадан олдин базага етиб келарди. Унинг уйи ҳам яқинроқ бўлган, ҳам нонуштани барвақт қиларди. Уни эрталаб ё спортзалда ёки физиотерапевт хонасида учратардик. Лекин Эшли базани ҳаммадан кейин тарк этарди. Унинг ишга бўлган муносабатидан ўрнак олса арзийди. 

Машғулотларга доим кечикиб келадиган шерикларингиз бормиди?

Кеча қолиш? Эслашимча, Николя Анелка, лекин уни ҳам кечга қолиш деб бўлмайди, фақат машғулотлар бошланиш вақтидан бироз олдин пайдо бўларди. Аниқроғи, у доим сўнгги секундда етиб келарди. Ҳа, баъзида кечга қолган пайтлари бўлган, аммо у менда кечикиб юрадиган футболчи сифатида эсимда қолмаган.

Кимнинг техникаси энг юқори бўлган?

Эден Азар. Мен ўз вақтида Дзола билан ҳам ўйнаш бахтига муяссар бўлдим, Жо Коулнинг техникасига ҳам ақл бовар қилмас эди. Лекин Эден Азарнинг майдонда амалга оширадиган ишлари чинакамига сеҳргарлик. У мен учун жуда катта футболчи.  

Ҳеч қачон тўпни олдириб қўймайдиган ким эди?

Жон Оби-Микелни айта оламан. У «Челси» сафида жуда кўп муҳим ўйинларда майдонга тушган, жумладан, Чемпионлар Лигаси финалида ҳам. У нафақат тўпни олиб қўйишда, балки тўп узатишда ҳам маҳоратли эди. Жон имкон қадар содда ўйнашга ҳаракат қиларди, шунинг учун унинг узатмалари кўпинча аниқ чиқарди.

Машғулотларда энг кўп «подкад»

Бу шундоғам тушунарли. Жон Терри машғулот бўладими ёки муҳим расмий учрашувми, фарқи йўқ, яккакурашларда мағлуб бўлишни истамасди. Тўпни олиб қўйиш учун оёғини ҳам, бошини ҳам ҳар қаерга тиқиши мумкин эди. У ҳеч нарсадан қўрқмасди.

«Челси»да энг ҳазилкаш футболчи ким бўлган?

Ҳаммадан кўра? Давид Дуиз. У «Челси»га келганида инглизчани билмасди, лекин уч ҳафтада ўрганиб олган. У жуда хушмуомала, ҳазилни ёқтиради ва доим ҳазиллашади. Лекин у ҳеч кимни хафа қилмайди, ўз ҳаддини жуда яхши билади ҳам. 

Энг тезкор футболчи?

Ўзим ўйнаган пайтларга қарасам, менимча, Николя Анелка ва Арьен Роббенни айтишим мумкин. Икковидаям яшин тезлик бўлган, агар пойга ўйнашса, жуда қизиқ чиққан бўларди. Афсуски, мен тезлик борасида мақтана олмайман. 

Қайси футболчи машғулотларда дарвозага туришни ёқтирарди?

Жон Терри. Ҳа, мен уни жуда кўп тилга оляпман. Эслайсизми йўқми, у бир марта дарвозада туришга ҳам тўғри келган. «Рединг»га қарши ўйинда Петр Чех ва Кудичини жароҳат олишганди. Жон учун бу вазифа ҳам янгилик эмасди. Чигалёзди машғулотлар пайтида Жон қўлқопни кийиб, дарвозага туриб олар, биз салкам ўн беш дақиқа унга гол уришга ҳаракат қилардик. Унга бу ёқарди ва менимча, ёмон дарвозабон эмасди.

Энг ашаддий эътирозчи?

Иванович. У жуда агрессив ҳаракат қилар ва машғулотлардаги ўйинларни ҳам ҳақиқий ўйинлардек қабул қиларди. Ҳакамнинг ҳар бир қарорига эътироз қилаверарди. Иккитомонлама ўйинларда ютқазиб қўйсак, жамоадошларидан чинакамига хафа бўлиб оларди. Бу яхши хислат, менимча. Иванович доим машғулотларга диққатини жамлай олиш билан биргаликда, эътирозларини ҳам ўз вақтида айта оларди.  

«Бешга беш» ўйинларда ким билан бирга ўйнаш сенга кўпроқ ёқарди?

Менга Дидье Дрогба билан бир жамоада бўлиш ёқарди. У доим ўзидан талаб қилинадиган вазифани уддалай оларди, шунинг учун ҳам деярли барча муҳим ўйинларда у ўзини кўрсата олган. Ҳар қандай шароитда ўзидан кутилган максимумни чиқара олиш қобилияти унда беназир эди. Бу жиҳатдан у мен учун биринчи рақамли шерик, дея оламан.