Хитой криптовалюталарга юз ўгирган бир пайтда Япония тартибга солувчи органининг рухсати кунчиқар юртнинг биткоинлар бозорида етакчиликни ўз қўлига олиши учун замин яратади, деб ёзади Insider.Pro.

Жума куни Япония молиявий хизматлар агентлиги (FSA) 11та компанияни криптовалюталар биржаси оператори сифатида рўйхатдан ўтказган. Тартибга солувчи орган рўйхатдан ўтган компанияларга бир қатор талаблар жорий этган, жумладан, улар сифатли IT-тизимга эга бўлиши, мижозлар ҳисоб рақамини ажратиши, пул ювилишининг олдини олиш учун мижозларнинг шахсини аниқлашлари керак бўлади.

Бу қоидалардан мақсад — инвесторларни фирибгарлик ва бошқа суиистеъмолчиликлардан ҳимоя қилиш, бир вақтнинг ўзида молиявий технологиялар соҳасида инновацияларга кенг йўл очишдан иборат.

Бошқалар қатори, 800 минг фойдаланувчига эга bitFlyer криптовалюта биржаси тартибга солувчи органнинг рухсатини олган. Компания бош директори Юзо Канонинг сўзларига кўра, янги тартибловчи қоидалар Японияни биткоин-бозорнинг етакчилиги позициясини мустаҳкамлайди.

«Япония биткоинга бўлган талабнинг ошишига ҳам, криптовалюталар билан боғлиқ хизматларнинг кўпайишига ҳам туртки берди», — деган у.

Япония биринчи марта рақамли валютани қўллаётгани йўқ. Апрель ойида мамлакатда биткоинни қонуний тўлов воситаси сифатида тан олувчи қонун қабул қилинган, баъзи бир чакана савдо билан шуғулланувчи компаниялар уни тўлов учун қабул қила бошлаган. Ўтган ҳафтада япон банклари J-Coin деб номланувчи ўзларининг шахсий рақамли валютасини чиқариш имкониятини ўйлаб кўришаётгани маълум қилинди.

Япониянинг позицияси Хитой қилаётган ишларга мутлақо терс — у ерда тартибга солувчи орган бозорни касод қилди-қўйди. Сентябрь ойи бошларида тартибга солувчи органлар ICOга нисбатан тақиқ жорий этишди, сўнгра бир неча криптовалюта биржалари ой сўнгига бориб савдоларга якун ясашларини эълон қилишди.

Сентябрь ойи бошларида биткоиннинг нархи тарихий рекорд даражага етди — 5000 доллар, сўнгра Хитойдан таралган янгиликлар фонида унинг нархи 2951 долларгача қулади, бироқ тезда 4000 долларгача тикланди.

Кескин қулашнинг сабабларидан бири Хитойнинг биткоин бозорининг асосий ҳаракатга келтирувчи кучларидан бири бўлганлигидир. 2014 йил бошидан 2017 йилнинг январигача Хитой бозорларига жаҳон бўйлаб биткоин савдосининг 90 фоизи тўғри келарди.

Энди эса савдо жаҳоннинг турли давлатларига бўлиниб кетди, CoinDesk маълумотларига кўра, юанга нисбатан иена ва долларга кўпроқ ҳажм тўғри келмоқда.

Хитойдаги савдо ҳажмлари қисқариб бормоқда, биржалар ёпила бошлагач, хитойлик иинвесторлар валютани LocalBitcoin каби peertopeer майдончаларда ёки миобил иловалар орқали олди-сотди қилишмоқда.

Юанларда баҳоланган биткоин энди бошқа валюталар билан баҳоланган биткоинга нисбатан дисконт (чегирма) билан сотилмоқда ва бу айрим инвесторлар учун арбитраж имкониятини пайдо қилди.

«Япония ва АҚШ биткоиннинг гуллаб-яшнашида Хитойнинг кераги йўқлигини исботлаб бўлишди. Гарчи бир қатор давлатлар биткоинни тан олишдан бош тортаётган бўлишса-да, умумман олганда бозорда турли фикрлар кузатилмоқда. Бу саноат ўта мобил бўлиб, гуллаб-яшнаш учун интилади ва энг барқарор юрисдикцияларда ривожлана боради», — деган CNBC каналига CryptoCompare сайти асосчиси ва ижрочи директори Чарлз Ҳейтер.