Адлия вазирлиги томонидан Ноқонуний муомалада бўлган ўқотар қурол, унинг ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига топшириш қоидалари давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Фуқаролар ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса, яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органига мурожаат қилиши керак (ёзма ёки оғзаки равишда, телефон орқали, ўзга электрон воситалардан фойдаланган ҳолда). 

Агар фуқаро олис ва ўтиш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшаса, шунингдек ёши, соғлиғи ҳолати, оилавий ёки ўзга ҳолатлар сабабли ички ишлар органига бориш имконига эга бўлмаса, ўқотар қуролни бевосита профилактика инспекторига топшириши мумкин. 

Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини бевосита фуқаролар томонидан ички ишлар органларига, ўзга давлат органлари ва ташкилотларга, профилактика инспекторларига ёки бошқа ички ишлар органлари ходимларига топширилишига йўл қўйилмайди. Бунда, мурожаат қилган фуқаро уларнинг айнан қаерда эканлигини (квартира, уй, иншоот, транспорт воситаси) маълум қилади. Ички ишлар органининг мутахассиси жойга чиқиб ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини хавфсиз олиб кетилишини таъминлайди.

Ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод қилинади.