30 сентябрь куни халқ депутатлари Поп туман кенгаши навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров қатнашган сессияда ташкилий масала кўрилди. Туманни 2016 йил ноябридан бери бошқариб келган Ўктамжон Эргашев ўз аризасига мувофиқ лавозимидан озод этилди.

Вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Аъзамжон Султонов Поп тумани ҳокими этиб тайинланди. Султонов 2012—2017 йилларда Норин тумани ҳокими бўлганди.

Қайд этиш керакки, бу Поп туманида кейинги 2 йил ичида учинчи марта ҳоким ўзгаришидир.

2015 йил декабрида Хайрулла Бозоров Баҳодир Раҳмоновни лавозимдан олиб, Жавлонбек Йўлдошевни янги ҳоким сифатида таништирганди.

2016 йил ноябрида эса Йўлдошев ўз жойини Ўктамжон Эргашевга бўшатиб берганди.