Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг 1 октябрь куни Самарқанд шаҳрининг Регистон майдони Ислом Каримов ҳайкали олдида Самарқанд вилояти ИИБ ички ишлар органлари таянч пунктларининг 180 нафар профилактика инспекторларини қасамёдга келтириш, уларга хизмат уйлари ва имтиёзли равишда берилаётган шахсий автомашиналар калитини тантанали топшириш маросими ўтказилди, деб хабар беради KUN.UZга бошқарма матбуот хизмати.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат аъзолари, давлат бошқарув органлари ва вилоят ҳокимлик раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, профилактика инспекторларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этишди.

Дунёда инсоннинг ҳаётидан, унинг тинчлигидан ҳам азизроқ, муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Бугунги даврда ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, профилактика инспекторлари Ватанимиз келажаги ва истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшаши, юртига фидоийларча хизмат қилиб, ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. 

Ана шу талабдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги Фармони асосида жойлардаги профилактика инспекторлари сони оширилиб, улар учун қулай шароитларга эга бўлган ички ишлар органлари таянч пунктлари ташкил этилди.

Шунингдек, профилактика инспекторлари нуфузини ошириш ва хизматни самарали ўташларини таъминлаш мақсадида комунал-маиший шароитларга эга бўлган, замон талаблари ва стандартларига жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминлаш мақсадида 2017 йил 20 апрелда Президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарор талаблари асосида, профилактика инспекторларига ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан оила аъзолари билан яшашлари учун, барча қулайликларга эга бўлган хизмат уйлари ажратилмоқда. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 август кунидаги Қарорига асосан узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автоуловлар олишлари учун шароит яратилди. Бу қувонарли ҳол, албатта.

Регистон майдони Ислом Каримов хайкали олдида, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли, шу билан бирга маъсулиятли хизматни ўташга қасамёд қилиш учун қад ростлаб турган навқирон, мард, жасур профилактика инспекторларимизни кўрган ҳар бир киши уларга ҳавас билан қараётгани аниқ. Бу эса профилактика инспекторларимизга ғурур ва ифтихор бағишлаши билан бирга, масъулиятларини ҳам оширади.

Бугун, мана шундай қувончли ва ҳаяжонли дамларда, ички ишлар органларининг ҳар бир профилактика инспектори халқимиз ва Президентимизга содиқ бўлишга мардонавор равишда қасамёд қилди. Аминмизки, улар зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, эл-юрт тинчлиги, осойишталигини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни шараф билан адо этадилар.