Рудакий туманида 58 деҳқон хўжалиги йўқолди. Бу ҳақида 3 октябрь куни мазкур туманни кўздан кечирган Тожикистон президентининг сўзларига асосланиб, News.tj хабар берди. 

Эмомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, сўнгги 20 йил давомида туманда 2,5 минг гектардан ортиқ ер сотилган. 

Ўтган йилнинг ўзидаёқ прокуратура органлари томонидан ер олди-сотдиси бўйича 45 миллион сомонилик 960 ҳолат аниқланган.

Шунингдек президент 2015 йилда туманда 32 гектар, 2016 йилда 3 гектар ва жорий йилда 2,5 гектар ер сотилганини таъкидлади. 

Рудакий туманида ер олди-сотдиси бедаво касалликка айланди, сўнгги уч йилда ерларнинг сотилиб кетиши туфайли 58 деҳқон хўжалиги ғойиб бўлди, дейди Эмомали Раҳмон.

Шунингдек давлат раҳбари Рудакий туманидаги жиноятчиликнинг ўсишидан ташвишда эканини баён қилди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг саккиз ойида ўтган йилнинг худди шу вақтига нисбатан 17 фоизга кўп жиноятчилик содир этилган. Охирги тўрт йилда тумандаги қатор террорчи ташкилотлар сафида иштирок этган 168 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.