2018 йилда Ўзбекистон-Россия текстиль маҳсулотлар бўйича савдо ҳажми 700 миллион долларга етиши мумкин. 3 октябрь куни пойтахтда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес-форумида ташқи иқтисодиёт вазири Элёр Ғаниев шу ҳақида маълум қилди.  

"Ўзбекистон ва Россия ўртасида текстиль маҳсулотларини етказиш бўйича "яшил йўлак" жорий қилинади. Шу йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистондан Россияга етказиладиган текстиль маҳсулотлари ҳажми 22 фоизга ошди. Бу соҳада ҳам салоҳият жуда юқори. 

Гап саноат корпорацияси, Россия корхоналарида ўзбек ипларидан фойдаланиш, тайёр текстиль маҳсулотлари, трикотаж ва пахта матоларни етказиб бериш ҳақида бормоқда. 

Келгуси йилда текстиль маҳсулотлар бўйича савдо ҳажми 700 миллион долларга етиши мумкин. Мен мутлақо реал рақамларни келтирмоқдаман", - дея таъкидлади Элёр Ғаниев.