Голландиянинг ING банки прогнозига кўра, 3D-босманинг ривожланиши жаҳон савдосининг 40 йилдан кейин инқирозга учрашига олиб келади. Трансчегаравий етказишлар анчагина қисқаради, чунки барча бутловчи қисмларни бир жойда босиш мумкин бўлади.

Банк қуйидагича савол билан юзланди: 3D-босма жаҳон савдосига хавф соладими? Жавоб эса ижобий бўлди. Бундан асосий хулоса шуки, яқин 40 йил ичида 3D-босма жаҳон савдосининг 25 фоизга қисқаришига олиб келади. Принтерлар катта қайишқоқлик ва аниқликни беради. Бу соҳа тўғри ривожлантирилганда принтерлар хорижий етказувчиларнинг анча қисмининг ўрнини босиши мумкин. Экспертларнинг фикрича, 40 йилдан кейин жаҳонда ишлаб чиқарилган барча буюмларнинг ярми 3D-принтердан босиб чиқарилади.

Бугунги кунда кам корхоналар ишлаб чиқаришда 3D-босма усулини қўллашига қарамасдан, банк бу саноатни 6 млрд долларга баҳоламоқда. Сармоялар, янги лойиҳалар ва саноат билан боғланган йирик компаниялар ҳисобига банк яқин келажакдаги бу соҳанинг жадал ўсишини башорат қилмоқда.

Банк мутахассисларининг ёзишича, ҳар бир соҳада ўзининг 3D-технологиялари яратилади. Автомобилсозликда ўзининг, оғир саноатда ўзининг принтерлари бўлади. Бундай кириб бориш, маълум муҳитга созлана олиш мумкинлиги 3D-босмага янада ривожланишга имкон берувчи унинг асосий устунлигидир.

Бугунги кунда 3D-босма етиб бормаган соҳа қолмади. Принтерлар ёрдамида бинолар, кема, сув ости кемалари қисмлари босиб чиқарилмоқда. Ундан тиббиётда кенг фойдаланилмоқда, чунки бу принтерлар дориларни ва ҳаттоки тўқима ва органларни босиш имконини беради. Нафақат суяклар, балки принтер томондан яратилган инсон юрагининг биринчи намуналари ҳам аллақачон мавжуд.