3 октябрь куни Барселонада ўтказилган тинч намойишлар вақтида кўчаларга 700 минг киши чиқди. Бу ҳақда шаҳар гвардияси (Барселона полицияси) маълумот берган.

"Куннинг иккинчи ярмида бутун Барселона бўйлаб уюштирилган митингларда 700 минг киши қатнашди", — дейилган полиция маълумотида.

Сешанба куни Каталонияда "ялпи иш ташлаш" ўтказилди. Бу тадбирлар Каталониянинг Испаниядан мустақил бўлиши учун ҳаракат қилаётган миллий ташкилотлар — Omnium Cultural ва Каталония миллий ассамблея томонидан ташкил қилинди, — шунингдек, ҳудудий касаба-уюшмалари испан полициясининг 1 октябрь кунги референдум чоғида ишлатган зўравонликларига қарши норозиликни ифода этувчи ушбу тадбирларга қўшилди.

Барселонада 3 октябрь куни икки марта, соат 12.00 ва соат 18.00да йирик митинглар бўлиб ўтди, икки сафар ҳам кишилар Барселона Университети олдидаги майдонда тўпланишди.

Фоторепортаж. Каталонияда иш ташлаш куни

Бундан аввалроқ Каталония миллий ассамблеяси шу куни кўчаларга "юз минглаб киши" чиққани ҳақида маълум қилганди.

Ялпи иш ташлаш кунида ҳудудда кўплаб корхоналар фаолиятини тўхтатди, дўконлар ишламади, жамоат транспортлари фақат бир неча соат хизмат кўрсатди, шунингдек, портлар ишчилари ишга чиқмади. Намойишчилар 60та автомобил трассасини тўсиб қўйишди.

Испания ҳукумати томонидан тан олинмайдиган, ўтказилгунига қадар Конституциявий суд томонидан музлатилган референдум Каталонияда ўтган якшанба куни ташкиллаштирилганди. Баъзи бир сайлов участкаларида полиция ва сайловчилар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган, ҳар икки томондан жабрланганлар бор.

Испания ҳукумати Каталониядаги ҳокимиятни норозилик намойишлари чоғида жабрланганлар ҳақида нохолис ахборот тарқатаётганликда айблаган.

Бундан олдинроқ Испания қироли Фелипе VI халққа мурожаатида Каталония ҳукумати ноқонуний референдум ўтказиш орқали "Испания бирлигини парчалашга қаратилган ҳаракатлар" содир этганини маълум қилганди.