Бутун Россия ва Москва патриархи Кирилл Ўзбекистонга ташрифидан жуда катта таассурот олди. Рус православ черкови Тошкент епархияси митрополити Викентий 4 октябрь куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган "Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари. Бағрикенг Ислом: тинчлик ва эзгулик дини" мавзусидаги сессиясида сўзга чиқар экан, шу ҳақида маълум қилди. 

Митрополит Викентий патриарх Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, патриарх Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, кўплаб муқаддас даргоҳлар ва обидалар билан танишган. У ислом дини меҳр-муҳаббатни тарғиб қилишини таъкидлади. Оддий халқ орасида бўлган патриарх ўзбек халқининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилгани, бу эса бағрикенглик жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Патриарх Кирилл Ўзбекистондаги черков, ибодатхоналар ва турли биноларни кўриб, Ўзбекистонда дин ва эътиқодга бўлган ҳурматга тан берди. "Америка, Европа сиёсатчиларини Ўзбекистонга чақиринг, келиб кўришсин. Бундай бағрикенглик ҳеч қаерда йўқ! Мен бу ерда кўрганларимни ҳамма ерда ва ҳар доим айтаман. Бу ерда одамларнинг самимий меҳр-муҳаббати ва ҳурматини ҳис қилдим", - деди патриарх. 

Метрополит Викентийнинг таъкидлашича, патриарх Кирилл оддий халқ орасида бўлган, улар билан танишган ва Ўзбекистондаги мавжуд улуғ қадриятларни сақлаб қолишга чақирган. У барча динлар тинчлик ва тотувликка чорлишини таъкидлаган. Шу ўринда патриарх Кирилл Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Биз нохуш асоратлар билан курашишимиз эмас, уларнинг олдини олишимиз керак" деган гапларига алоҳида эътибор қаратган.

"Патриарх Кирилл кетиш олдидан шундай ажойиб бир гап айтди: Ўзбекистондан Россияга кетган одамлар у ернинг энг яхши одамлари бўлади, чунки улар тарбияли одамлардир", - дейди митрополит Викентий.