Туркияда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ҳаётига суиқасд қилишда айбланган 34 киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда NTV телеканалида хабар қилинди.

Қайд этилишича, судда истеъфодаги полковник Ҳусайн Йилмаз оқланган.

Бу иш бўйича жами 47 киши судга тортилганди.

Бундан аввалроқ Туркия прокуратураси имом Фатҳуллоҳ Гуленнинг ташкилотига алоқадорликда гумон қилинган 35 нафар журналистни ҳибсга олишга ордер бергани маълум бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 16 июлига ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш содир этилди. Ҳукумат бу ҳаракат ортида Фатҳуллоҳ Гулен турганини иддао қилиб келади.

Ҳарбийлар исёни вақтда тинч аҳоли вакиллари ва ҳукумат кишиларидан 246 нафари ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳалок бўлган исёнчиларнинг аниқ сони ҳисобланмади.