Лас-Вегасда мусиқа ихлосмандларини ўққа тутиб, 59 кишини ўлдирган Стивен Пэддок 2016 йилнинг октябридан 2017 йил сентябригача бўлган муддатда 33та ўқотар қурол сотиб олганди. Шундан асосий қисми милтиқ бўлган. Бу ҳақда CBS телеканалига берган интервьюсида Алкоголь, тамаки, ўқотар қуроллар ва портловчи моддаларни назорат қилиш бюросининг (ATF) махсус агенти Жил Снайдер маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат Пэддок йиққан қуроллар ҳақида ҳеч нарса билмаган, чунки қонун қурол савдогарларидан мижозлар фақат бирданига бир нечта тўппонча сотиб олганида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини огоҳлантиришни талаб этади.

«Бундай талаб қўядиган биронта федераль қонун йўқ», — дея жавоб берган Снайдер нега қурол сотувчилар бир нечта винтовка харид қилган кишилар ҳақида маълумот етказишмагани бўйича берилган саволга.

Пэддокнинг меҳмонхонадаги номеридан (у шу хонада хунрезликни амалга оширгач, ўзини ҳам отиб ташлаган) 23та ўқотар қурол топилди. Унинг Лас-Вегас яқинидаги уйидан ҳам қарийб яна шунча қурол ва минглаб патронлар ҳамда портловчи қурилмалар топилган.

Невада қонунларига кўра, шунча қурол-аслаҳага эгалик қилиш жиноят ҳисобланмайди. Бу штатда винтовка ва милтиқ кўтариб юриш учун рухсатнома ҳам талаб қилинмайди, рухсатнома фақат пистолетлар ва револьверлар учун сўралади, штатнинг доимий аҳолиси ҳужжатларсиз ҳам қурол сотиб олиши мумкин бўлади. Бу ҳолатда қурол эгаси қуролини кийими ортига яширмасдан, очиқ ҳолда олиб юриши керак.

АҚШда жисмоний шахслар янги автоматлар, пулемёт ёки бошқа турдаги автоматик қуролни сотиб олиши тақиқланган, аммо 1986 йилгача бўлган даврда ишлаб чиқарилган қуролларни эркин сотиб олиш мумкин. Ҳозирча Пэддокда автомат бўлгани аниқ эмас. Меҳмонхонадан топилган 12 дона қуролга уларнинг тез отиш даражасини автомат даражасигача оширадиган махсус қурилмалар ўрнатилганди. Сойли милтиқ (винтовка), сочма ўқли ов милтиғи ва тўппончаларни Пэддок Невада, Юта, Калифорния ва Техас штатларида сотиб олган.

Лас-Вегасдаги фожиа АҚШ тарихидаги энг йирик оммавий қотиллик бўлди. Шу вақтгача 2016 йили Омар Матин томонидан Орландода содир этилган оммавий қотиллик энг йирик оммавий қотиллик саналарди. У ўшанда тунги клубга бостириб кириб 49 кишини ўлдирган ва 50 кишини жароҳатлаганди. Пэддокнинг қурбонлари сони камида 59 нафар, яна 516 киши ҳужум вақтида олинган жароҳатлар туфайли шифохонага тушган.

2 октябрь куни ИШИД Пэддокни ўз аскари деб атади ва ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Аммо кейинчалик ФҚБ Пэддок ва бу ташкилот ўртасида алоқадорлик йўқлигини маълум қилди.

Бу воқеалардан кейин АҚШ Президенти Доналд Трамп ҳукумат, эҳтимол, қуролнинг эркин сотилиши ҳақидаги масалани муҳокама қилишини айтди. 

«Қурол айланмаси ва қурол сақлаш устидан назорат муҳокамаси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Трамп муҳокама, эҳтимол, бошланишини, аммо бу ҳозир бўлмаслигини айтди.