Бу шаҳар доимо қуёшли, шу сабабли ферма фақат қуёш энергиясидан фойдаланиб ишлайди. Ҳайратланарли томони шундаки, вертикал «томорқа» оддий офис биносининг тўртинчи қаватида жойлашган, деб ёзади CleanTechnica.

Metropolis Farms компанияси офис биноларининг бирида 500кВт қувватли қуёш батареялари массивини ўрнатди. Режага кўра у шаҳар қишлоқ хўжалиги корхонасининг энергияга бўлган талабини тўлиқ қондириши керак. Компания уни қаердадир жойлашган далада эмас, шу бинонинг 4-қаватида барпо этган. Бу бинода жойлашган ва тўлиқ қуёш энергияси орқали қувватланадиган дунёдаги илк вертикал ферма бўлади.

Metropolis Farms’дагиларнинг ишонтиришларича, самарадорлик анъанавий фермаларнинг 2,7 кв. км майдонга эга даласиники билан бир хил бўлади, ҳолбуки шаҳардаги ферманинг юзаси 2,5 баробар кичик. Қуёш панеллари аллақачон ўрнатиб бўлинган, ҳозир ферманинг ўзини монтаж ишлари якунланай деб қолди. Компаниядагилар дастлабки ўсимликлар ноябрь ойида экилишини ваъда қилишмоқда.

Компания қулупнай, салат, помидор, бодринг етиштиришни мўлжалламоқда. Вертикал фермалар кўпчилик томонидан қишлоқ хўжалигининг келажаги сифатида эътироф этилмоқда. Чунки шаҳарларда ер тобора камайиб бормоқда, аҳоли зичлиги эса ошмоқда. Бугунги суръатлар билан анъанавий қишлоқ хўжалигини бу босимга бардош бера олмайди. Бунга ечим сифатида вертикал фермалар ўртага чиқиши мумкин. Тенг майдонларда унда каррасига кўпроқ маҳсулотлар етиштириш мумкин — бунда замонавий технологиялар ёрдамга келади.

Бундай фермаларни бутун дунё бўйлаб тарқатиш режаси ҳам тузилган. Американинг Plenty  стартапи жаҳоннинг ҳар бир йирик шаҳрида эгатлари майдони 9 минг кв. метрдан ошиқ вертикал фермалар очишни ният қилган. Хабар қилинишича, бундай фермалардан оддийсига нисбатан 350 марта кўпроқ ҳосил йиғиб олиш мумкин.