Ford Motor харажатларни 14 миллиард долларга қисқартиради ва баъзи моделларни ишлаб чиқаришни бас қилади. Компаниянинг янги бош директори Жим Ҳэкетт барча эътиборни кроссоверлар ва йўлтанламас машиналар (SUV), юк машиналари ва электромобилларга, шунингдек, автоном бошқарилувчи технологияларга қаратмоқчи, деб хабар беради Bloomberg.

Авто ишлаб чиқарувчи кейинги 5 йил ичида материалларга сарф-харажатларни 10 млрд., инженерияга ажратмаларни 4 млрд. долларга камайтиришни ният қилганлиги сешанба куни Нью-Йоркда ўтказилган инвесторлар иштирокидаги брифинг арафасидаги баёнотда эълон қилинган. Ford ўртача ўлчамли Ranger пикапи ва Bronco йўлтанламасини ишлаб чиқаришга харажатларни оширади, лекин енгил автомобилларни ишлаб чиқариш учун ажратмаларни муайян моделларни ошкор этмаган ҳолда қисқартириб ташламоқда.

«Ўзгариш қарорига келиш осон бўлгани йўқ — маданий томондан ҳам, амалий томондан ҳам, — деган Ҳэкетт ўз баёнотида. — Пировард натижада ўтган юз йилликда бизга муваффақиятлар келтирган сифат келажакда муваффақият гарови бўла олмаслигини ҳам тан олишимиз керак». Ҳэкетт эҳтиёткор инвесторларни акциялар нархининг уч йилдан бери пасайиши олдини олиш юзасидан муайян режаси борлигига ишонтириш учун Уолл-стритни маҳв этиш учун отланди, деб ёзади Bloomberg.

Электромобиллар ва автопилотлаштириш технологиясида Ford’ни General Motors ва Tesla каби рақобатчилари ортда қолдиришмоқда. Душанба куни унинг асосий рақобатчиларидан бири, ҳозирданоқ тўлиқ электрлаштирилган Chevrolet Bolt ҳэтчбэкини савдога чиқарган GM 2023 йилга бориб аккумуляторлар ва водородли ёқилғи элементларидан қувват олувчи 20 хил автомобиль ишлаб чиқариш режасини ошкор этди. Ўша куннинг ўзидаёқ Ford «Эдисон жамоаси» деб номланган мустақил бўлинма ташкил этгани ва у EVнинг бизнес-моделини ишлаб чиқариш билан шуғулланишини эълон қилди. Ford қувватланишларсиз узоқ йўл босувчи дастлабки моделини 2020 йилда тақдим этади. «Ford технологиялардан ортда қолмаяпти, — деган компаниянинг электромобиллар ишлаб чиқариш дастури раҳбари Шариф Маракбий душанба куни. — Муҳими, жамоа узоқ умр кўра оладиган ва даромадли бизнес ярата олишга қодир. Фойдага чиқиш — бизнинг мутлақ мақсадимиз».

Ford енгил автомобиллар ишлаб чиқиш учун мўлжалланган 7 млрд. долларни SUV ва юк машиналари томон буриб юбормоқчи. Компания аввалги бош директор Марк Филдс раҳбарлиги остида ягона ўйинчи стратегиясини ўзгартиради ва қўшилиш, ютиб юбориш ва қўшма корхоналарда фаол иштирок этади. Ҳакетт май ойида компания раҳбарлигини ўз қўлига олганидан буён у электромобиллар ишлаб чиқишда Хитой ва Ҳиндистондаги компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқда, роботлаштирилган автомобиллар ишлаб чиқиш учун Lyft билан бирлашди.

Сешанба куни Ford акциялари 0,5 фоизга ўсиб, донасининг нархи 12,4 долларга етди. Жорий йилда компания акциялари жами бўлиб 2,1 фоизга ўсди.