ИШИД террорчилик ташкилотига алоқадор Amaq ахборот агентлиги икки эркак иштирокидаги видеоёзувни намойиш этди. Улардан бири жангариларга асир тушган рус ҳарбийси эканини маълум қилган. Бу кишилар Дайр аз-Завр учун жангларда асир олинган  россиялик ҳарбийлар экани айтилди.

Ўзини Роман Васильевич Заболотний деб атаган шахс 1979 йили Ростов вилоятини Аксай тумани Рассвет қишлоғида туғилиб ўсганини маълум қилган. У ёнидаги шериги 1978 йили Москва вилоятининг Домодедово туманида туғилган Григорий Михайлович Сурканов экани айтади.

У ИШИД жангарилари Шоулга ҳужум қилганида асир тушганини тасдиқлаган.

Россия мудофаа вазирлиги эса бу икки киши россиялик ҳарбийлар эмаслигини маълум қилди.

«Дайр аз-Заврда ҳам, Суриянинг бошқа ҳудудларида ҳам Россия Федерацияси ҳарбийлари асир тушиши бўйича ҳолат қайд этилмаган. РФ Қуролли кучларининг Сурия араб республикасидаги барча ҳарбий хизматчилари тирик, соғ ва ўз вазифасини бажаришда давом этмоқда», дейилган баёнотда.

28 сентябрь куни Amaq бир россиялик ҳарбий ўлдирилгани ҳақида маълум қилган, бу маълумот ҳам Россия Мудофаа вазирлиги томонидан инкор этилганди.

Россия Сурияда расман 38 нафар ҳарбий йўқотгани ҳақида маълум қилган. Охирги йўқотиш генерал-лейтенант Валерий Асапов бўлганди, у 24 сентябрь куни Дайр аз-Заврда жангариларнинг миномёт зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.