Жорий йилнинг 21 август куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ИИБ навбатчилик қисмидан Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмаси олдидан ВАЗ 2107 оқ рангли автотранспорт воситаси номаълум шахслар томонидан олиб қочилгани тўғрисида Қўриқлаш бўлимига хабар берилади.

ИИВ Қўриқлаш Бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар беришича, зудлик билан ушбу хабар қўриқловда бўлган объектларни текшириб юрган Қўриқлаш бўлими техник қўриқлаш маркази тезкор харакатланувчи гуруҳи ходимлари - сафдорлар Б.Рашидов, М.Мустафоев ва А.Темировга етказилади.

Шундан сўнг, ушбу ходимлар автомашинани қидириб топиш чораларини кўраётган вақтларида олиб қочилган автотранспорт воситасини номаълум шахс бошқариб кетаётганига гувоҳ бўлишади. Улар дарҳол туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар бериб, автомашинани ушлаш чораларини кўришади ва туман виноароқ заводи маъмурий биноси олдида тўсиб ушлаб, номаълум шахс туман ИИБ навбатчилик қисмига топширилади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Туман ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.