Сентябрь ойи охиридан бошлаб КХДРдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида Корея меҳнат партиясининг олий мартабали арбоблари, ҳукумат, қуролли кучлар ва махсус хизмат вакилларидан бошқа барча мижозларга бензин сотиш тақиқланди, деб ёзади Япониянинг Asahi газетаси.

Нашр манбалари маълумотига кўра, бензин савдоси учун қатъий чекловлар БМТнинг Хавфсизлик кенгаши КХДРга сентябрь ойидан бошлаб нефть ва нефть маҳсулотлари экспортини чеклаганидан сўнг мамлакатда ёқилғи захирасини яратишга қаратилган. Бунда қарор санкция сифатида Пёнгянг томонидан ядро синовларини ўтказганлиги ва амалдаги халқаро тақиқларни бузгани учун жорий этилган.

Нашрнинг қайд этишича, сентябрь ойи охиридан бошлаб КХДРда бензин фақат давлат рақами 727дан бошланувчи автомобилларга қуйиб берилмоқда. Бундай рақамлар фақат олий номенклатура вакилларига берилади. Жамоат транспорти ва хорижликларнинг машиналари қай тариқа ёқилғи билан таъминланаётгани ҳақида маълумотлар йўқ, дея таъкидлаган газета.

Илгарироқ Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги КХДРда йил бошидан буён тижорий ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархи уч баробарга ошганини маълум қилган эди. Жанубий Корея ҳукумати КХДРнинг нефть ва нефть маҳсулотларига бўлган талабини йилига 700–900 минг тоннага баҳолайди. Бундан ташқари, мамлакатда уруш эҳтимоли учун 1 млн. тонна стратегик захира доимо сақланади. Asahi маълумотларига кўра, энди ўша захирани икки баробарга кўпайтириш мақсад қилинган.