Сайтимизда 2017 йил 20 сентябрь куни «Самарқандлик тадбиркор: «Вилоятдаги мутасаддилар туфайли корхонам 552 миллион сўм зарар кўрди» сарлавҳаси остида «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси раҳбари Элмуратов Хайтмурат Алламурадовичнинг шикоят хати эълон қилинган эди.

«Мақолада Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари О.Очилов, Инжиниринг компанияси ва «Qizilqumsement» АЖ мутасадди раҳбарлари ўзаро келишиб, 1526 тонна цементни 2014 йил фондини бошқаларга бериб юборганлари ҳақида маълум қилинган.

Бироқ шикоят хатининг ушбу қисми ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки «Qizilqumsement» АЖ Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари О.Очилов ёки Инжиниринг компанияси раҳбарлари билан 1526 тонна цементни бошқаларга бериб юбориш тўғрисида келишишмаган. Аксинча, «Qizilqumsement» АЖ цемент маҳсулотини вилоят ҳокимлиги томонидан унга тақдим этилган тақсимот ҳамда тузилган шартномалар асосида пудрат ташкилотларга етказиб берган», дейилади таҳририятимизга «Qizilqumsement» АЖ бош директори Б.Ботиров томонидан йўлланган хатда.

Хатга қўшимча равишда «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси билан 700 тонна цемент етказиб бериш тўғрисидаги шартнома нусхаси, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари О.Очиловнинг «Камолот» уйлари қураётган ташкилотларга цемент ажратиш, «Паст Дарғом сифат қурилиш» ХИТҚК раҳбари Ш.Элмуратовнинг 700 тонна цемент ажратиш ҳақидаги хатлари илова қилинган.