Москва Россия-АҚШ муносабатлари боши берк кўчадан чиқишига умид қилмоқда ва бу муносабатларни соғломлаштириш йўлларини қидиришга тайёр, деб айтди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

"Ҳамкорлигимизни айни вақтда сунъий вужудга келтирилган боши берк кўчадан чиқаришга умид бор, бироқ муносабатларнинг келажаги нафақат бизга, балки АҚШга ҳам боғлиқ", деб айтди Лавров "Аш Шарқ Ал-Авсат" нашрига берган интервьюсида.

"Россия ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида АҚШнинг янги маъмурияти билан муносабатларни яхшилаш йўлларини излашга тайёр. Афсуски ҳозирча, икки томонлама алоқалар АҚШ юқори доираларидаги ўзаро зиддиятлар асири бўлиб қолмоқда", деб қўшимча қилган Лавров.

Унинг айтишича, муносабатларнинг бундай тубанлашишида Россиянинг айби йўқ. "Бу ҳамкорлик пойдеворини барбод қилган Барак Обама маъмурияти сиёсатининг бевосита оқибатидир. У кетишидан олдин ворислари ҳаётини мураккаблаштириш учун бу муносабатлар остига узоқ муддатли мина қўйиб кетди", деб айтган Лавров.