3 октябрь санасида футбол оламида кўплаб эътиборга молик воқеалар кузатилди. Tribuna.Uz уларни битта жойга жамлади

Куннинг асосий янгилиги сўзсиз ПФЛнинг Намангандаги воқеа бўйича чиқарган қарори бўлди. Бироз туриб ташкилот «Навбаҳор» тўлайдиган жарима суммасини ҳам ошкор қилди.

Ўз навбатида «Навбаҳор» клуби раҳбарияти ҳам фавқулодда йиғилиш чақириб тегишли ходимларни жазога тортди.

«Навбаҳор» жазога тортилган пайтда, кичик танаффусдан фойдаланиб, қўқонлик футболчилар пахта даласига чиқиб ҳашарчиларга ёрдам кўрсатишди.

Европада эса Каталония Испания муаммоси футболда ўз акскини топишда давом этмоқда. Бу сафар Испания терма жамоаси лагерида футболчилар Серхио Рамос ва Пике жанжаллашиб кетишди. Рамос Пикени терма жамоадаги муҳитни бузишда айблади.

Испания билан битта гуруҳдан жой эгаллаган Италия эса терма жамоанинг тимсолига ўзгартиришлар киритди. Логотипда бир қатор сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди.

Терма жамоа каби ўзгаришни истаётган «Милан» эса Винченцо Монтелланинг ишидан қониқмаган ҳолда янги мураббий излашни бошлаб юборди. Ҳозирча икки ишсиз юрган номзодлар билан оғзаки гаплашиб олинди.

Шу билан бирга бошқа манбада жамоа Антонио Контени ортга қайтармоқчи экани ҳақида ёзди.

«Бавария» эса мураббий излаб-излаб йўли яна Каталонияга тушди. Энди мюнхенликлар Гвардиолага яқинроқ услубга эга «Барселона» собиқ бош мураббийи Луис Энрикени олиб келишмоқчи.

Бу орада эса «Ливерпуль» қишдаёқ Виржил ван Дейк трансфери бўйича қайтиши ва ҳимоячилар трансфер рекорди янгиланиши мумкинлигига ишора қилинди.