Россия президенти Владимир Путин КХДРнинг аввалги раҳбари Ким Чен Ирдан 2000-йиллар бошидаёқ бу мамлакатнинг атом бомбаси яратишга муваффақ бўлганини эшитганди. Бу ҳақда Россия президенти «Россия энергетика ҳафталиги» форумида гапирди.

Путиннинг қайд этишича, ўтган вақт давомида Ғарб мамлакатлари Пёнгянгга санкцияларни кучайтириб келди, аммо бу чоралар мамлакат раҳбариятини ядровий қуролланишдан қайтара олмади, аксинча, бу мамлакат ўз ядровий имкониятларини янада такомиллаштирди.

«Шимолий Корея — ўн йиллик санкциялар шароитида яшаб келаётган кичик мамлакатми? Нима бўлибди? 2001 йилда мен Японияга бориш йўлида Шимолий Кореяда тўхтаган ва бу мамлакатнинг ҳозирги раҳбарининг отаси билан учрашгандим. У ўшанда менга уларда атом бомбаси борлигини айтганди.

Яна бир гап: у ўшанда замонавий артиллерия тизимлари орқали шимолий кореяликлар Сеулгача етиб бора олиши мумкинлигини маълум қилганди. Бу 2001 йилги гаплар. Ҳозирда эса уларда атом бомбасидан ташқари водород бомбаси ҳам бор, оддий артиллерия тизимлари ўрнига — ўрта масофага ҳаракатланувчи ракеталар... Санкциялар нимага тўсқинлик қила олди? Бу муаммоларни ҳал этадиган чорами?», — деган Путин.