Россия Президенти Владимир Путин Сурияда жангариларни тор-мор этиш бўйича ҳамкорликда олиб борилган иш самарали якунланиши ҳақида гапирди.

«Мен ишонаманки, биз якунда «Жабҳат ан-Нусра»ни ва ИШИДни биргаликда мағлуб этмиз», - деган у «Россия энергетика ҳафталиги» тадбирида.

«Бизда ҳаммани бирлаштирувчи жиҳат бор, энди эса баҳс мавзуси бўлган нарсаларга тақалмасдан, умумий манфаат йўлида бирлашиш керак, шунда бизни муваффақият қарши олади», — деган Путин.

Россия президенти шунингдек, РФ Эрон ва Саудия Арабистони Суриядаги вазият бўйича якдил эмаслигига эътибор қаратган.

«Агар муросага келиш учун йўл қидирсанг ва ҳамма учун маъқул қарорлар қабул қилинса, вазият ўз-ўзидан барқарорлашади», - дея қайд этган у.

У муроса ҳақидаги гапини изоҳлар экан, Сурияда тузилган эскалациядан холи ҳудудни мисол қилган. 

«Бу барча томонлар олиб борган иш самарасидир», деган у.

Бошловчи РФ президентига Саудия Арабистони билан муносабатлар мустаҳкамланаётгани фонида Суриядаги можаролар ниҳоялангач, Россия у ердаги вазиятни қандай тасаввур этаётгани ҳақида, Суриядаги зиддиятлар тугагач, Россия Саудия Арабистонига эронлик ҳарбийлар Суриядан чиқиб кетишига кафолат бера оладими, дея савол берди.

Путиннинг таъкидлашича, мамлакат ўз йўлини ўзи белгилаб олмоғи лозим, «бу ушбу давлат халқининг суверен ҳуқуқи». «Бу нарса тўлалигича Эронга ҳам тааллуқли. Биз доимо ҳар қандай давлатнинг суверенитети, ички ва ташқи сиёсатига ҳурмат билан қараганмиз. Эрон бизнинг қўшнимиз, азалий ҳамкоримиз, биз буни қадрлаймиз ва Эроннинг миллий манфаатларига ҳурмат билан қараймиз, бироқ миллий манфаатлар Россияда ҳам, Туркияда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам бор», — деди Путин.