Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 4 октябрда Халқаро Преес-клуб майдонида Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқига тўхталиб ўтди. 

"Президентимиз БМТ минбаридан шундай деб айтдилар: "Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлиги ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади". 

"Ҳақиқатан бугунги мураккаб ва таҳликали замонда кўплаб турли воқеалар содир бўлмоқда, - дейди Усмонхон Алимов. -  Бу воқеалар муборак динимиз номидан сохта шиорлар тўқиб, бунинг кетидан қанча қон тўкилишига сабаб бўлмоқда. Ёшу кексалар, аёллар, болалар кўп жабр чекмоқда. Яна бир афсусланарли жиҳати шуки, динга умуман алоқаси бўлмаган кишилар бир жиноятни қилсалар, дарров муқаддас динимизнинг номи билан боғлаяптилар. Бу бизни жуда ташвишга солади, албатта. Улар ислом динимизни, шундай эзгулик ва маърифатга бағишланган динни ёмон кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. 

Мана шундай бир шароитда муҳтарам Президентимиз томонидан юксак минбардан туриб, ислом динининг асл моҳияти - инсонпарварлик ва тинчлик эканлиги, уни қораловчилар билан ҳеч қачон муроса қилолмаслигини баралла айтиш мустаҳкам эътиқод ва катта шижоатнинг бир кўринишидир. Шундай юксак минбардан бундай сўзларнинг шижоат билан айтилиши диёримиздаги барча мўмин-мусулмонларни ниҳоятда хурсанд қилди. Айниқса, мусулмон оламида Ўзбекистоннинг дўстлари янада кўпайди. Президентимиз ўз нутқи билан ўзбекистонликларнинг яна бир марта Имом Бухорий авлодлари бўлишлик шарафли мақомга муносиб эканликларини очиқ-ойдин исботлаб бердилар", - деди Мусулмонлар идораси раиси. 

Шу ўринда Усмонхон Алимов Президентимиз ҳар чиқишларида "Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш" шиорини илгари сураётганликларини алоҳида қайд этди. 

"Президентимиз илм олиш ва олимларнинг кўпайиши катта фазилат эканини кўп таъкидлаб келадилар. БМТ минбаридан барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашадиган маърифат ва диний бағрикенглик борасида махсус ҳужжат қабул қилишни баралла айтиб ўтдилар", - дейди муфтий.