Ўзбекистон ҳукумати Россиядан сотиб олиниши мўлжалланган қурол-яроғлар ва ҳарбий техникаларнинг асосий турлари рўйхатини тузиб чиқди, деб ёзади «Коммерсантъ» ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасидаги манбаларига таяниб. Рўйхатга ҳарбий ва ҳарбий-транспорт вертолётлари, зирҳли техника, ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар киритилган.

Тошкент шунингдек кўп функцияли қирувчи самолёт Су-30СМга қизиқиш билдирган. Бундай самолётлар ишлаб чиқариладиган Иркутск авиасозлик заводи ишлаб чиқариш қувватлари билан Ўзбекистон қуролли кучларининг юқори мартабали амалдорларидан иборат делегация август ойида танишишган эди, 20 сентябрь куни эса икки мамлакатнинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги истиқболлари РФ хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ўзбек ҳамкасби Виктор Маҳмудов билан учрашувида муҳокама этилган эди. Нашр маълумотларига кўра, учрашув чоғида совет давридан қолган ҳарбий техника — Т-62 ва Т-72 танкларининг таъмири ҳақида ҳам сўз борган.

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангач 2016 йилда ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақидаги шартнома имзоланган, кейинчалик у ратификация қилинган. Ушбу шартноманинг шартларига кўра, Ўзбекистонга мисли кўрилмаган имтиёзлар тақдим этилган, жумладан КХШТ аъзоси бўлмай туриб, Ўзбекистон қурол-яроғларни тижорат нархларида эмас, Россия ички нархларида харид қилади. Мисол учун, Қозоғистон Россиянинг Су-30СМ қирувчи самолётларини харид қилишда шундай имтиёзлардан фойдаланади.

Ўзбекистон томонидан рўйхат шакллантирилгани тез орада шартномалар имзоланишини билдирмайди. Нашр суҳбатдошининг қайд этишича, «бунгача ҳали анча бор». «Ҳозирча уларнинг истаклари рўйхати жуда катта, ҳаттоки уларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларидан ҳам ортиқроқ, бироқ булардан бирор нарса харид қилиниши борасида кафолат йўқ», — деган «Коммерсантъ» манбаси.