Ўзбекистон Республика ташқи савдо вазирлигида Жанубий Кореянинг Квангжу шаҳрида жойлашган Чоннам миллий университети қошидаги касалхона бош директори Юн Тэк-Рим бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Uzreport

Юн Тэк-Рим — Корея Республикаси врачлар ассоциациясининг раиси, машҳур травмотолог-ортопед, тос-сон бўғимларини протезлаш бўйича етакчи мутахассис саналади.

Ташрифдан мақсад — хайрия операцияларини ўтказиш ва Република ҳудудларидаги оғир касалларни кўздан кечириш, шунингдек кам таъминланган оилаларга ижтимоий кўмак кўрсатишдир.

Учрашув мобайнида тиббиёт соҳасидаги жорий ҳолат ва ҳамкорлик истиқболлари ўрганилди, Ўзбекистонда ташхис ва таҳлил соҳасида илғор технологиялар ва ечимлар жорий этилган тиббий ташхис марказлари барпо этишга доир лойиҳаларни амалга оширишда ҳамжиҳатлик масалалари муҳокама этилди.

Корейс томони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган, мавжудларини замонавийлаштириш ва янги тиббиёт муассасалари ташкил этиш орқали кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилаш, тиббиёт персоналининг малакасини ошириш, жаҳоннинг етакчи тиббиёт марказлари, университетлари ва бошқалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга қаратилган ислоҳот ва ташаббусларни алоҳида қайд этишди.

Учрашув якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирлиги ва Чоннам миллий университети қошидаги касалхона ўртасида Ўзбекистонда замонавий тиббиёт ташхис клиникаси барпо этиш юзасидан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.