Yahoo’га 2013 йилда амалга оширилган хакерлик ҳужуми қамраб олган фойдаланувчилар сони бир миллиардни эмас, 3 миллиард фойдаланувчини ташкил қилган. Бу ҳақда Yahoo’га эгалик қилувчи Oath/Verizon компанияси маълум қилди. 

"Яқинда компания янги маълумотлар олди ва ёлланма суд экспертлари ёрдам берган терговдан кейин Yahoo’нинг барча фойдаланувчилари 2013 йил августида маълумотлар ўғирланишидан жабр кўрганлар, деб ҳисобламоқда", дейилган хабарда.

Таъкидланишича, ўғриланган маълумот пароллар, кредит карталар ёки банк ҳисоб рақамлари бўйича маълумотларни ўз ичига олмаган.

2016 йил декабрида Yahoo 2013 йилги хакерлик ҳужуми оқибатида хакерлар 1 млрддан кўпроқ фойдаланувчининг маълумотларини ўғирлаган бўлишлари мумкинлигини маълум қилганди.